Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Регби-7: “Талабалар лигаси”нинг ғолиблари аниқланди
12:32 / 2022-05-16

Пойтахтимизда регби-7 бўйича анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Талабалар лигаси” баҳслари бу гал ҳар қачонгидан ҳам қизиқарли кечди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети стадионида ташкил этилган турнирда республикамизнинг турли олий таълим муассасалари талаба-ёшларидан ташкил топган 10 дан ортиқ жамоалар иштирок этди.  

Талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ёшлар ўртасида оммавий спортни кенг тарғиб этиш ҳамда олимпия спорт тури бўлган регби-7 бўйича иқтидорли спортчиларни саралаш мақсадида ташкил этилган баҳсларда 1-ўрин Ўзбекистон Миллий университети жамоасига насиб этган бўлса, кейинги ўринларни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Урганч давлат университети ҳамда Нукус давлат педагогика институти вакиллари жой олишди.  

– Ушбу спорт тури, айниқса, регби-7 йўналиши юртимизда кенг оммалашиб бормоқда. Боиси, айнан ушбу йўналишдаги спортчиларимиз келгусида Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида иштирокини таъминлаш назарда тутилган. Бугунгача ҳарбийлар, турли ёш тоифалари бўйича иқтидорли регбичилар сараланиб, терма жамоалар шакллантирилаётган эди. Энди талабалар орасидан ҳам талантли спортчиларни аниқлаш, терма жамоларга жалб этиш назарда тутилмоқда, – дейди Ўзбекистон регби федерацияси матбуот хизмати ходими Муслима Абдумаликова. 

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоаларга, истеъдодини намойиш қилган регбичиларга турнир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари ва дипломлари топширилди.  

Т. Рўзиев, ЎзА