English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдумга ёшлар бефарқ эмас
17:01 / 2023-03-23

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумга халқимиз бефарқ эмас. Айниқса, бу жараёнда ёшларнинг фаоллиги эътиборга молик.

– Янгиланаётган Конституцияга ёшларнинг ҳам кўплаб таклифлари қабул қилинди, – дейди Тошкент давлат педагогика университети талабаси Санжар Шодиев. – Жумладан, ёшлар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олиши ёшларга катта мотивациядир. Ва табиийки, ёшлар таълим-тарбияси билан боғлиқ масалаларнинг Конституцияда акс этаётгани бизни жуда қувонтиради.  

2017 йилга қадар олий таълим муассасаларида грант ўринлари сони қисқартириб келинди. Сўнгги беш йил ичида, аксинча грантларни кўпайтириш йўлидан борилди. Хусусан, ўтган даврда олий таълимга ажратилган давлат грантлари сони 75 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони икки бараварга оширилди. Шу билан бирга, нодавлат олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти ажратиш амалиёти йўлга қўйилди. Мазкур хайрли ишларнинг Конституциявий қонун лойиҳасида акс эттирилиши давлат олий таълим муассасаларида грант ўринлар йўқолмаслигини таъминлашга хизмат қилади.  

Эътиборлиси, олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи берилмоқда. Олий таълим тизими билан боғлиқ масалаларнинг Конституция даражасида белгиланаётгани таълим жараёнига ташқи аралашувларни чеклаш, таълим сифати ва дунёда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.  

– Ўтган давр мобайнида ёшларни қўллаб-қувватлашга оид кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Адолат Ҳасанова. –  Ислоҳотлар бардавомлиги, тараққиётнинг тадрижий давоми учун бефарқ эмасмиз. Биламиз, ишонамиз, керак бўлса тиргак бўламиз. Чунки, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан бугунга қадар 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушган бўлса, уларнинг 60 фоиздан ортиғи бевосита ёшлар томонидан берилган. Конституциявий қонун лойиҳасида илк маротаба узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожини таъминлаш давлатнинг вазифалари қаторидан жой олмоқда. Ушбу қоидаларнинг Конституция даражасида белгиланиши, болалар боғчасидан тортиб, токи университетларгача, барча таълим ташкилотларини улар давлатники ёки хусусий эканлигидан қатъий назар, ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин бўлади.  

Эндиликда, нафақат умумий ўрта таълим, балки бошланғич профессионал таълим олиш ҳам бепул бўлиши кафолатланади. Энг муҳим янгиликлардан бири, бу – алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбиянинг таъминланиши бўлди. Жисмоний, ақлий ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади. Бу норма шундай нуқсонларга эга болаларимизнинг яккаланиб қолмаслиги, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топишида жуда муҳимдир.  

Энг муҳими, давлатимиз ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА