Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 4-Жиззах округ комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Бу ҳақида 4-Жиззах округ комиссияси матбуот маркази хабар берди. Йиғилишни 4-Жиззах округ комиссияси раиси Шавкат Шарипов бошқарди.


Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги каби Жиззах вилоятида ҳам шу йилнинг 30 апрель куни мамлакатимизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси референдумига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Тадбир аввалида, барча округ комиссияси аъзоларига аъзолик гувоҳномалари топширилди. Сўнгра, комиссия аъзолари кун тартибидаги ташкилий масалаларни кўриб чиқди. Унда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича иш режаси тасдиқланди. Комиссия аъзоларининг вазифалари тақсимланиб, референдумга тайёргарлик кўриш даврида округ сайлов комиссияси аъзоларининг навбатчилик жадвали белгиланди.
Округ комиссияси аъзоларининг вазифалар тақсимоти, иш ҳужжатлари номенклатураси, округ комиссияси айрим аъзоларини референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод этиш каби муҳим масалалар муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказувчи 4-Жиззах округ комиссияси раиси ўринбосари Дилбар Пардаева, комиссия котиби Тўлқин Юнусов ва бошқалар иштирокчиларга комиссия аъзолари учун республикамиз пойтахтида ўтган ўқув-семинар машғулотларининг мазмун-моҳияти хусусида атрофлича маълумотлар берди.
Шунингдек, референдумни ўтказувчи 4-Жиззах округ комиссиясининг биринчи йиғилиши иштирокчилари тақвим режада белгиланган ишларни ўз муддатида бажариш, ижро интизомига қатъий риоя этиш, барча ишларда сифат кўрсаткичини таъминлаш сингари масалалар бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА