French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдумга ҳозирлик бўйича мутасаддилар ахборот берди
16:26 / 2023-04-13

Ўзбекистон Республикасининг Референдумини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. “Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 20-моддасида округ комиссияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини тинглаш белгилаб қўйилган.

Округ комиссияси раиси А.Хўжақулов бошқариб борган йиғилишда вилоят соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамда “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти мутасаддиларининг жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан олиб бораётган ишлари юзасидан ахбороти тингланди.  

Округ ҳудудида референдум ўтказувчи 860 та участка мавжуд. Уларнинг 685 таси умумтаълим мактабларида, 58 таси коллеж, лицей ва техникумларда, 13 таси маҳалла фуқаролар йиғинларида, 19 таси тиббиёт муассасалари, санаторий ва дам олиш масканларида, 7 таси олий ўқув юрти биноларида, 25 таси давлатга қарашли корхона ва ташкилотларда, 33 таси адлия, давлат хизматлари, маданият ва спорт марказларида, 16 таси ҳарбий қисм ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларида, 4 таси тадбиркорлик субъектлари биноларида фаолият юритмоқда.  

Йиғилишда дастлаб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Саидмурод Саматовнинг референдум ўтказувчи участкаларда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, участкаларда тиббиёт хоналари ҳамда ходимларининг ажратилиши юзасидан олиб борилаётган ишлари тўғрисидаги ахбороти тингланди.  

– Вилоятда референдум ўтказиладиган участкаларда ташкил этилган тиббиёт хоналари ва тиббиёт бурчаклари 19 турдаги тиббий жиҳоз ва 40 турдаги дори-дармон воситаси билан таъминланди, – деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Саматов. – Ҳудуддаги ҳар бир туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг буйруғи билан 1 нафар шифокор ва 1 нафар ҳамшира бириктирилиб, уларга участкаларда аҳолига малакали тиббий санитария ёрдамини кўрсатиш, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда тезкор тиббий ёрдамни ташкил этиш вазифалари белгилаб берилди.  

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси буйруғи билан бошқармадан 15 нафар малакали мутахассис туман ва шаҳарга бириктирилди. Шаҳар ва туман санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ҳар бир референдум ўтказиладиган участкага бир нафардан мутахассис жалб этилди. Вилоят мактаб ва мактабгача таълим муассасаси бошлиғи ўринбосари Зокир Ўтаевнинг ахборотига кўра, округ ҳудудидаги сайлов участкаларининг 678 таси мактаб биноларида ташкил этилган. Шу пайтгача референдум участкалари жойлашган 80 та умумтаълим мактабнинг 16 минг 225 квадрат-метр фойе қисми, 3 та умумтаълим мактабининг пандус қисми таъмирланди. 139 та мактабнинг ёритиш чироқлари янгиланиб, 147 мактабнинг фасад қисми бўялди 13 та мактабнинг кириш йўлаклари таъмирланиб, 37 та мактабнинг санитария-гигиена шохобчаси йўлаклари тўғирланиб, қўл ювиш мосламалари ўрнатилди. 

Умумтаълим мактабларида ташкил этилиши режалаштирилган иккита участка мазкур муассасаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли бошқа биноларга кўчирилган. Референдумга ҳозирлик кўриш жараёнида участкаларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти масъул ходими Назар Шайматовнинг ахбороти эшитилди.  

– Округ ҳудудидаги референдум ўтказувчи участкаларда электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бўлмайди, – деди “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти масъул ходими Назар Шайматов. – Эҳтимолий ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳудудлардаги референдум участкалари қўшимча электр манбаи билан жиҳозланди.  

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ахборотида референдум ўтказувчи участкаларнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ва уларнинг ўт ўчириш мосламалари билан таъминланиш даражаси ҳақида сўз юритилди. Ёнғин хавфсизлиги бўйича текширувлар чоғида аниқланган камчиликлар бартараф этилиб, мутасаддиларга тегишли чора кўрилаётгани қайд этилди.  

Йиғилишда мутасаддиларнинг ахборотлари атрофлича муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, округ фаолиятига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА