Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдумда турли миллат вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда
15:14 / 2023-04-30

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича бўлиб ўтаётган умумхалқ референдумида юртимизда яшаётган турли миллат вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Екатерина СМЕСОВА, Андижон давлат университети доценти, Рус миллий-маданий маркази вилоят бўлими раиси ўринбосари:  

– Мен Андижон шаҳридаги ўзим яшайдиган Шифокорлар маҳалласи ҳудудидаги 70-референдум участкасида ўз муносабатимни билдирдим.  

Мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона миллий сиёсат туфайли Ўзбекистонимизда яшаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва дўстона муносабатлар шаклланган. Буни Андижон вилоятида яшаб, меҳнат қилаётган руслар, қирғизлар, корейслар, арманлар, уйғур ва тожиклар, қўйингки, турли миллат вакиллари ҳаёти, фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.  

Мен Ўзбекистонда яшаётган рус миллати вакили сифатида юртимизда яшаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланганлигини алоҳида эътироф этаман. Қолаверса, Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан фахрланаман. Чунки мен шу юртда туғилдим, ўсдим, оилали бўлдим, Бугун фарзандларим бағримда камолга етмоқда. Тинч-осойишта юртимизда эмин-эркин яшашимиз, меҳнат қилишимиз, миллатимизнинг анъана ва урф-одатларини давом эттиришимиз учун барча шароитлар яратилган.    

Андижонда, рус православ ва хиристиан черковлари ишлаб турибди. Бутун Ўзбекистонда бўлгани каби вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари ва  лицейларда рус тили ва адабиёти фани ўқитилмоқда.  Дарслар тўла рус тилида олиб бориладиган ҳамда аралаш ўқитиладиган мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда ўзга миллат вакилларига кўрсатилаётган эътибор намунасидир.  

Ольга ЧЖЕН, Андижон шаҳридаги 11- умумтаълим мактаби директори, Корейс миллий-маданий маркази вилоят бўлими раиси ўринбосари:  

– 18-референдум участкасида овоз бердим. Мен Ўзбекистонда туғилдим, бутун ҳаётимни шу юртда ўтказдим. Ўқидим, олий маълумот олдим, таълим тизимида узоқ йилларда буён фаолият юритиб келаман.  Очиғини тан олиб айтишим керак, мен бирор марта ўзга миллат вакили, деб қандайдир тўсиқ ёки тайзиққа учраганимни эслай олмайман. Оилам, фарзандларим билан бахтлиман, Маҳалладошларим, қўни-қўшниларим, ҳамкасбларим билан чиройли муносабатларимизга кўпчиликни ҳаваси келади.  

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,  

Зухриддин УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА