Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён — Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикасининг референдумига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Мазкур жараёнларнинг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни муҳим. Шу боис қонунчилигимизда белгиланган тартиб-қоидалар асосида Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг сони 496 нафарни ташкил этмоқда. Жумладан, маҳаллий ОАВдан: 44 та телерадиоканал, 30 та босма ОАВ, 5 та интернет нашрлари ҳамда 2 та ахборот агентлигининг 470 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилган. Халқаро 19 та ОАВ ташкилотининг 26 нафар вакиллари аккредитациядан ўтказилган.
Марказий сайлов комиссияси томонидан ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш давом этмоқда. Қонунчилигимизга кўра, ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлар МСК томонидан 2023 йил 19 апрель соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
Таъкидлаш жоизки, аккредитациядан ўтган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари референдумга тайёргарлик кўриш ва уни муносиб ўтказиш борасида амалга оширилаётган барча жараёнларни кенг ёритмоқда. Жумладан, хорижий оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиздаги мазкур жараёнлар мунтазам кенг ёритиб келинмоқда. Бу эса халқаро майдонда ҳам юртимиздаги Конституциявий ислоҳотларга катта қизиқиш билан қаралаётганидан дарак беради.
М.Комилова, ЎзА