Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Референдумда ўз овозим билан иштирок этаман”
17:37 / 2023-04-28

Шу кунларда мамлакатимизда кечаётган муҳим сиёсий жараён – референдум барчамизнинг диққат марказимизда бўлиб турибди. Ҳудудларда Конституциявий қонун лойиҳаси мазмуни ҳамда референдумнинг аҳамиятини кенг тушунтиришга, тарғиб этишга қаратилган тадбирлар қизғин руҳда ташкил этилди. Мазкур тадбирларда аҳоли вакиллари референдумда фаол иштирок этишга чақирилди.

Юртдошларимиз ҳам мазкур жараёндаги иштироки, овози мамлакат эртаси учун муҳим эканини алоҳида эътироф этмоқда.    

Рамазон Абдуҳалилов, меҳнат фахрийси:  

– Янгиланаётган Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани эътиборга молик. Бугун аҳоли давлатнинг ғамхўрлигини, инсонпарварлик сиёсатини ўз ҳаёти мисолида сезяпти, ҳис қиляпти.    

Янгиланаётган Бош қомусимизда пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Давлатимиз уй-жойли бўлиш, бепул тиббий ёрдам, касб-ҳунар ўрганиш, етарли иш ҳақи ва пенсия олиш учун қонуний имконият яратишни бўйнига оляпти. Бу каби янги нормалар ҳаммамизнинг келгуси тақдиримиз, эртамиз учун жуда муҳим. Шунинг учун ҳам 30 апрель куни оила аъзоларимиз билан референдумда фаол иштирок этиб, ўз овозимиз билан эртанги кунимизга ҳисса қўшамиз.  

Диёра Воҳидова, талаба:  

– Янгиланаётган Асосий қонунимизда мамлакатимиз фуқаролари, шу жумладан хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Янги таҳрирдаги Конституциямизга кўра, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш, уй-жой, ишга жойлашиш, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароит яратиш бўйича мажбуриятни ўз зиммасига олмоқда. Бу нормалар нафақат биз ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимиз фаровонлигига хизмат қилади. 

Бундан ташқари, янгиланаётган Конституциямизда танлов асосида давлат ҳисобидан бепул олий маълумот олиш, нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қоидалар ёш авлод вакилларига янада кенг имкониятлар яратади. Шу боис, 30 апрель куни бўлиб ўтадиган референдумда иштирок этиб, ўзим ва юртим келажаги учун овоз бераман.    

ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова тайёрлади.