Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдум – халқ иродасининг бевосита ифодаси
15:19 / 2023-04-14

Референдум сайловлар билан бир қаторда халқ иродасининг бевосита ифодаси бўлиб, унда қабул қилинган қарорлар олий юридик кучга эга бўлади.

Турин Политехника университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида "Ўзбекистон Республикасида референдумни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари ва Конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти" мавзусида ўтказилган семинарда шу ҳақда фикр алмашилди.  

Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) ҳамда Ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси халқаро кузатувчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Тошкент шаҳар пробация бошқармаси бошлиғи, подполковник  М.Умаров, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, юридик фанлари номзоди С.Хўжаева ва Омбудсман котибияти бошлиғи С.Азимов референдумда юртдошларимиз ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши муҳим эканига эътибор қаратди.  

Тошкент шаҳри ҳудудидаги пробация назоратидаги шахсларга референдумни ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари ва конституциявий ислоҳотларнинг аҳамиятини тушунтириш бўйича зарур ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.  

[gallery-11456]

Тадбирда сўзга чиққанлар янгиланаётган Конституциядан ўрин олган инсон ҳуқуқларининг фундаментал асослари таъминланишига қаратилган нормаларга алоҳида тўхталди.  

Жумладан, шахсни ҳибсга олиш, қамоққа олиш ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги қомусда мустаҳкамланмоқда.    

Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга  мажбур эмаслиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги ҳам ўрин олган.  

Жиноят учун ҳукм қилинган ҳар ким қонунда белгиланган тартибда  ҳукмнинг юқори турувчи суд томонидан қайта кўриб чиқилиши ҳуқуқига, шунингдек афв этиш ёки жазони енгиллаштириш тўғрисида илтимос қилиш ҳуқуқига эгалиги юзасидан атрофлича маълумот берилди.  

Тадбирда иштирокчиларнинг саволларига мутахассислар батафсил жавоб берди.  

Н.Абдураимова, ЎзА