Мамлакатимиз Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни ёшларга етказиш мақсадида Гулистон давлат университетида “Референдум – 2023. Келажагинг учун овоз бер!” шиори остида “Референдум ва ёшлар” мавзусида тадбир ўтказилди.
OzLiDeP Сирдарё вилояти ва Гулистон шаҳар Кенгаши, вилоят адлия бошқармаси, вилоят Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсмани ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, университет профессор ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Учрашувда OzLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши аппарат раҳбари Ш.Бозорбоева, Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев ва вилоят Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман Ш.Алимовлар кун тартибидаги долзарб масала юзасидан маъруза қилди.

– “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳасининг 51-моддасига атрофлича тўхталиб ўтадиган бўлсак, “Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли” дея киритилиши ҳам Янги Ўзбекистоннинг гуллаб яшнашига муносиб ҳисса қўша оладиган етук, ўз соҳасининг билимдони бўлган мутахассисларни камол топтиришга хизмат қилади” – дейди O`zLiDeP фаоли, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Гулистон давлат университети бошланғич ташкилоти ёшлар етакчиси Фахриддин Зикрияев. – Очиқ мулоқот давомида яққол кўзга ташланган ҳолат шу бўлдики, талаба ёшлар нафақат ўзлари Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини жиддий ўрганмоқда, балки ўз тенгдошларини ҳам 30 апрель куни бўладиган референдумга фаол иштирок этишга чорламоқда.

Тадбир якунида талаба ўзларини қизиқтирган барча саволларига соҳа мутахассисларидан батафсил жавоб олди.
Ш.Суяров,
ЎзА