French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдум ва сайловнинг фарқи нимада, референдумда иштирок этиш тартиблари қандай? — Мутахассис билан суҳбат (+видео)
12:29 / 2023-03-26

Мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар қизғин паллада давом этмоқда. Маълумки, шу йилнинг 30 апрель санасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг референдуми ўтказилади.

Мазкур референдумга тайёргарлик жараёнлари, референдум ва сайловнинг фарқли жиҳатлари, фуқароларнинг референдумда иштирок этиш тартиблари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси котибияти раҳбари Худоёр Маматов билан суҳбатлашдик.

  — Аввало, референдум ва сайловнинг фарқли жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.  

— Ҳар иккала институт ҳам сиёсий институт сифатида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш билан боғлиқ масала ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Сайлов кодексига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат ишларини бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этишлари мумкин. Бевосита иштирок этиш бу  — давлат бошқарувида муайян лавозимларда ишлаш ёки сайлов жараёнларида давлат ҳокимиятининг вакиллик органларини шакллантиришда, яъни парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод сифатида иштирок этиш ва сайланиш орқали иштирок этиши мумкин.  

У ёки бу номзодга овоз бериш орқали ҳам фуқаролар давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этадилар. Масалан, парламент сайловларида сиёсий партиялар ўртасида ўзаро кураш боради. Фуқаролар партияларнинг дастурлари ёки маъқул бўлган номзодга овоз берадилар. Натижада сайланган вакиллари орқали давлат ва жамият бошқарувида иштирок этадилар.  

Референдум ва сайловнинг фарқли жиҳатлари қуйидагиларда намоён бўлади: референдумда мамлакат ҳаёти учун энг муҳим бўлган масалалар юзасидан қонун ёки қарор қабул қилиш масаласи умумхалқ овозига, яъни фуқаролар овоз беришлари учун қўйилади. Бу жараёнда фуқаролар эркин ва ихтиёрий равишда ўз муносабатини билдирадилар.  

Сайловда эса бир нечта номзодлар тақдим этилади, фуқароларга ўзларига муносиб номзодни танлаш имконияти берилади. Демократик сайловлар соғлом рақобат муҳитида, бир эмас, бир нечта номзодлар қўйилган ҳолда ўтказилиши лозим.  

— Демак, ўз-ўзидан сайлов ва референдум бюллетенлари ҳам бир-биридан фарқ қилади. Жорий референдум бюллетени қанақа шаклда бўлади?  

— Референдум бюллетенига референдумга қўйилаётган масаланинг матни ёки саволномаси киритилади. Жорий референдум ҳақида тўхталадиган бўлсак, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйиляпти. Шу боис мазкур референдум бюллетенида “Сиз “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳасини қабул қиласизми?” деган савол қўйилади.  

Алоҳида урғу бериш керакки, “маъқуллайсизми”, “қўллаб-қувватлайсизми” шаклида эмас, айнан “қабул қиласизми” кўринишида савол қўйилади. Чунки қонунчилигимиздаги тартибларга кўра, аввало, парламентнинг ўзи Конституцияни ҳам, қонунларни ҳам қабул қилиш ваколатига эга. Иккинчи йўли эса умумхалқ овози, яъни референдум орқали ҳам қонунларни қабул қилиш мумкин. Шунинг учун “қабул қиласизми” деган савол қўйилади.  

Овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари “ҳа” ёки “йўқ” ёхуд “рози” ёки “қарши” деб кўрсатилади. Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан ўтказиладиган референдумда фуқароларимиз “ҳа” жавобини белгилайдиган бўлса ва бу 50 фоиздан ортиқ овозни ташкил этса, Конституциявий қонун лойиҳаси қабул қилинади ҳамда мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси амалга киритилади.  

— Референдумга тайёргарлик кўриш борасида қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда?  

— Парламент томонидан референдум ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш босқичларини ўзида акс эттирган календарь режасини тасдиқлади. Айни пайтда унга мувофиқ тайёргарлик ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.  

Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудлари чегаралари доирасида референдумни ўтказувчи 14 та округлар ташкил этилди. Шунингдек, референдумни ўтказувчи округ комиссиялари ҳамда уларнинг шахсий таркиби тасдиқланди.  

Қонунчилигимизга кўра, парламентнинг референдум тайинлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинганидан кейин 25 кундан кечиктирмасдан референдумни ўтказувчи участка комиссиялари ташкил этилади ҳамда уларнинг аъзолари тасдиқланади.    

Референдумни ташкил этиш ва ўтказиш учун Марказий сайлов комиссияси, референдумни ўтказувчи округ ҳамда участка комиссиялари масъул ҳисобланади.  

Референдумнинг очиқ-ошкора, адолатли ўтишида оммавий ахборот воситалари ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш бўйича ҳам Низом тасдиқланган. Унга кўра, референдум эълон қилингандан бошлаб референдум кунига 10 кун қолгунигача ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтишлари лозим бўлади.  

Шунингдек, референдумнинг миллий ва халқаро талабларга мувофиқ ўтишини таъминлашда кузатувчилар институти ҳам мавжуд. Яъни, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар қонун талаблари асосида аккредитациядан ўтиб, жараёнларни холис кузатиб боришлари мумкин. Улар муддатидан олдин овоз бериш, участка комиссиялари фаолияти, референдум куни овоз бериш ҳамда  энг муҳим босқич — овозларни санаш жараёнларини ҳам кузатиш ҳуқуқига эга бўладилар.  

— Референдумда фуқароларнинг иштироки жуда муҳим. Шу маънода фуқароларнинг иштирок этиш тартиблари ҳақида ҳам батафсил маълумот берсангиз.  

— Ҳар бир фуқаро, аввало, ўзининг референдум участкаси ҳудуди қаерда жойлашганини, унда иштирок этиш тартибларини билиши лозим. Агар овоз бериш кунида ўз ҳудудида бўлмаса, муддатидан олдин овоз бериш имкониятларидан фойдаланиши мумкин.  

Ўтган сайловларимизда синов тариқасида сайлов жараёнларини бошқариш ахборот тизими йўлга қўйилган ва бу муваффақиятли амалга оширилган эди. Унда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилган. Ушбу рўйхат асосида сайловчилар қайси участкада рўйхатда турганлигини билишлари мумкин.  

Яна бир ҳолат: талабалар, ички ва ташқи мигрантларимиз бор, улар айни овоз бериш куни ўз яшаш ҳудудида бўлмаслиги мумкин. Ана шундай ҳолатларда сайловчиларимизга тезкор интерфаол хизмат кўрсатиш хизмати мавжуд. Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Марказий сайлов комиссиясининг сайти орқали ушбу хизматдан фойланиш мумкин.  

Яъни, фуқароларга референдум ўтказувчи участкасини аниқлаш ёки ўзгартириш хизматидан фойдаланиш имконияти яратилган. Фуқаролар ўз ҳудудидаги референдум ўтказувчи участкага бориб, рўйхатда бор-йўқлигини аниқлаши мумкин. Шунингдек, Интернет орқали Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Марказий сайлов комиссиясининг сайтига кириб, қайси участкага бириктирилганини аниқлашлари мумкин бўлади.  

Агар фуқаролар ўзлари яшаётган ҳудуддан бошқа ҳудуддаги участкага бириктирилган бўлса, интерфаол хизмат кўрсатиш хизматининг кейинги босқичига ўтиб, сўровномани тўлдирган ҳолда ўзларининг участкасини ўзгартириш имкониятига ҳам эга.    

PS: Суҳбатнинг тўлиқ шакли билан қуйидаги видеоҳаволада танишиш мумкин.  

<iframe width="1519" height="585" src="https://www.youtube.com/embed/YSBoF_01p3w" title="Референдум ва сайловнинг фарқи нимада?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

 

Муҳтарама Комилова,  

Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА