English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдум учун барча шароит яратилган
17:14 / 2023-04-13

Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ комиссияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган анжуманда округ комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаев, комиссия аъзолари ахборот берди.  

Қайд этилганидек, Тошкент вилояти бўйича жами 958 та референдум участкалари ташкил этилган бўлиб, улар овоз берувчилар учун қулай ҳудудларда жойлашган. Уларга кўрсаткичлар, пешлавҳалар ва ахборот стендлари ўрнатилган. Шунингдек, референдумга оид қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, зарур замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланган. Жисмоний ҳаракати чекланган овоз берувчилар имкониятини эътиборга олган ҳолда мазкур биноларга нишаб йўлаклари (пандус) борлиги алоҳида эътиборга олинди.  

Ўз навбатида референдум участка комиссияси аъзолари таркиби шакллантирилганда кўп миллатлиликка ҳам алоҳида эътибор берилди. Уларнинг умумий сони 10 минг 612 нафарни ташкил этади. Шундан комиссиялар таркибида аёллар 5 минг 548 нафарни ташкил этади. Хусусан, раисларнинг 422 нафари, раис ўринбосарларининг 437 нафари, котибларнинг 699 нафари аёллардир. Участка комиссиялари таркиби Ўзбекистон Республикасининг "Референдум тўғрисидаги қонуни”нинг 20 ва 23-моддалари асосида тузилган. Шу кунгача барча участка комиссияси аъзолари учун семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилиб, ҳудудий тренерлар уларнинг билим, малака ва кўникмаларини янада оширди.  

Матбуот анжуманида журналистлар томонидан муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари тартиби, жойларда референдумда овоз берадиган аҳолини хатловга олиш ва шу каби кўплаб мавзуларда берилган саволларга масъуллар атрофлича жавоб берди. 

А.Мусаев, ЎзА