Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдум ўтказувчи округ комиссияларининг вазифа ва ваколатлари нималардан иборат?
09:09 / 2023-03-27

Шу йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича референдумга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мазкур референдумни миллий қонунчиликка мос тарзда, уюшқоқлик билан ташкил этишда референдум комиссиялари муҳим ўрин тутади.

Маълумки, Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 16 мартдаги мажлиси қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида 14 та референдум округлари ташкил этилган эди. 23 мартдаги йиғилишида эса  референдум ўтказувчи округ комиссиялари тузилиб, уларнинг таркиби турли соҳа вакилларидан иборат жами 266 нафар аъзодан иборат этиб тасдиқланди.  

Хўш, мазкур референдум ўтказувчи округ комиссиялари қандай вазифаларни бажаради, уларнинг ваколатлари нималардан иборат?    

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Баҳодир Юнусов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:  

— Референдумни муносиб ташкил этиш ва ўтказишда, албатта, референдум комиссияларининг ўрни муҳим, чунки айнан улар мазкур жараёнларга масъул ҳисобланади, — дейди МСК аъзоси. — Хусусан, референдум ўтказувчи округ комиссиясининг ваколатлари «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Унга кўра, референдум ўтказувчи округ комиссияси референдум участкаларини тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади. Референдум ўтказувчи участка комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Бундан ташқари, маблағларни референдум ўтказувчи участка комиссиялари ўртасида тақсимлайди, участка комиссияларининг бинолар, транспорт, алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади ва округда референдумни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади.    

Референдум ўтказувчи округ комиссияси референдумга тайёргарлик кўриш давомида тарғибот-тушунтириш ишларининг ташкил этилиши ва ёритилишида оммавий ахборот воситаларига кўмаклашади. Шунингдек, қонунчиликка кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларининг, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини тинглайди.  

Овоз берувчи фуқароларнинг рўйхатлари тузилиши ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб бориш, референдум ўтказувчи участка комиссияларини овоз бериш бюллетенлари билан таъминлаш, округ бўйича овоз бериш якунларини аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш каби вазифалар ҳам референдум ўтказувчи округ комиссияси ваколатига киради. Бундан ташқари, ушбу комиссиялар овоз берувчи фуқароларнинг ва референдум бошқа иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқади.    

 

ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.