Ўзбекистон Республикаси pеферендумини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ комиссияси ўз фаолиятини «Ўзбекистон Республикаси Референдуми тўғрисида»ги қонуни ва референдумга оид бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида амалга ошириб келмоқда.
Марказий сайлов комиссияси томонидан Давлат бошқаруви академиясида тайёрланган Республика тренерлари ва ҳудудий тренерлар иштирокида, Тошкент шаҳри туманлари кесимида участка комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котиби лавозимига номзодлар учун икки кунлик ўқув семинарлари юқори савияда ташкил этилди.

Жорий йилнинг 29 мартида Комиссиянинг навбатдаги мажлисида округ ҳудудидаги 12 та туман ҳокимларининг референдум участкаларини тузиш ҳақидаги тақдимномалари ўрганилиб, округ бўйича жами 823 та референдум участкаларини тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
Овоз берувчилар ҳамда участка комиссияси аъзоларига қулайлик яратиш мақсадида барча қулайликларга эга бўлган бинолар, хоналар ажратилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Тошкент шаҳар округи фаолияти бўйича ташкил этилган матбуот анжуманида ана шулар ҳақида сўз юритилди. Таъкидланишича, сайлов участкалари учун қуйидаги бинолар ажратилган:
Мактабларда – 354 та,
Олий таълим муассасаларида – 35 та,
Маҳалла гузари ва биноларида –195 та,
Ҳарбий қисмларда – 6 та,
Озодликдан маҳрум этиш ва қамоқда сақлаш жойларида - 2 та,
Тиббиёт муассасаларида – 77 та,
Маданият ва спорт марказларида – 14 та,
Давлат хизматлари агентлиги биноларида – 2 та,
Ишлаб чиқариш биноларида – 34 та ва бошқа биноларда жойлаштириш белгиланди.
Жорий йилнинг 6 апрель куни Комиссиянинг навбатдаги мажлисида округ ҳудудидаги 823 та референдум участкалари аъзоларининг таркиби тасдиқланди.
Округдаги 823 та референдум участкаларида 8588 нафар аъзо бор. Улар орасида 7206 нафари аввалги сайловларда қатнашганлар, 1382 нафари биринчи маротаба қатнашаётганлардир.
Округда овоз берувчилар сони дастлабки рақамларга кўра, 1 миллион 637 минг 83 нафарни ташкил этади. Барча участкалардаги комиссиялар референдум жараёнларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз ишини қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофлик тамойилларига тўла амал қилган ҳолда ташкил этади.
ЎзА