Наманганда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги ўттиз еттинчи сессиясида айни шу масала муҳокама қилинди. Унда вилоят секторлари раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва бошқарма, ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қарийиб бир ярим ойдан сўнг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлиб ўтади. Олий Мажлис Сенатининг қарорига асосан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни умумхалқ референдумида овозга қўйилади. Референдум 2023 йил 30 апрель, якшанба куни ўтказилади. Наманган вилояти ҳокими, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Шавкат Абдураззоқов Янгиланаётган Конституция мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилиши, энг асосийси Президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” эзгу тамойилининг амалдаги ифодаси сифатида акс этишини таъкидлади.
Бунинг ҳаётимиздаги исботини Наманган вилояти мисолида оладиган бўлсак, тоғли ҳудуд Попнинг Уйғурсой қишлоғи, чўлқуварлар ўлкаси – Мингбулоқнинг Бешсерка маҳалласи, бу ёғи Наманган туманидаги Кайковус маҳалласи, адирликларга ястанган Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғида амалга оширилган йўл, сув, электр таъминоти билан боғлиқ инфратузилмадаги ижобий ўзгаришлар мисолида кўришимиз мумкин.
Дарҳақиқат, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури устувор мақсад қилиб олинган, изчил ва пухта ўйланган, бир неча босқич давомида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги Бош қомусимиз моддалари сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда. Шунингдек, 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгариш киритиляпти. Конституция матни 65 фоизга янгиланди. Асосий ҳужжатда “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” дея ўзгартириш таклиф қилинмоқда, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” дея эълон қилинмоқда. Эътиборлиси, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалари қарийб уч баробар ортиши кутилмоқда.
[gallery-11023]
Сессия ишида депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Референдумини ўтказиш бўйича 6-Наманган референдум округи комиссияси аъзолигига номзодларни тавсия этиш кўриб чиқилди. Вилоят жамоатчилигининг обрў-эътиборли кишилари орасидан танланган 15 нафар номзод таништирилди. Ушбу масала юзасидан қабул қилинган кенгаш қарори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комисссиясига тақдим этиладиган бўлди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА