Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдум кундалиги: хорижлик 26 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди (+видео)
04:56 / 2023-04-06

Бугун Марказий сайлов комиссиясининг референдумга доир навбатдаги мажлиси ўтказилди. Гибрид шаклда ўтган тадбирда референдумнинг овоз бериш бюллетени шаклини тасдиқлаш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни ва ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, референдумда овоз бериш бюллетенига “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартдаги ҳамда Олий Мажлис Сенатининг 14 мартдаги қарорларида кўрсатилган масаланинг матни киритилди ва овоз берувчи хоҳиш-иродасининг вариантлари «ҳа» ёки «йўқ» деб кўрсатилди.  

Қолаверса, овоз бериш бюллетенларини кўзи ожиз овоз берувчилар томонидан тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида трафаретлар ҳам тайёрланади.  

Шунингдек, МСК қарори билан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Грузия ва Озарбайжон давлатлари Марказий сайлов комиссиялари ҳамда хорижий мамлакатлардан жами 26 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди.  

Ҳозирча аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони эса 346 нафарни ташкил этмоқда.  

Йиғилиш давомида референдум ўтказувчи 6-Наманган, 8-Сирдарё, 12-Хоразм округ комиссиялари раисларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш борасида амалга ошираётган ишлари хусусида ахборотлари ҳам тингланди.  

Кун тартибидан ўрин олган барча масалалар Марказий сайлов комиссияси аъзолари томонидан кенг муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/GACQa7GggyU" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

 

Ўткир Алимов, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА