Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдум кундалиги: 19-26 апрель кунлари муддатидан олдин овоз бериш ўтказилади (+Видео)
13:16 / 2023-04-13

2 апрель куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда референдумга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев кириш сўзи билан очар экан, 10 минг 758 та референдум участкалари комиссиялари таркиби қарийб 117 минг нафар аъзодан иборат таркибда тасдиқланганини таъкидлади. Уларнинг 80 фоизи аввалги сайловларда иштирок этган тажрибали вакиллардир. 58 мингга яқини, яъни қарийб 50 фоизи аёллар, 50,7 фоизи ёшлар, 2 мингдан ортиғи ногиронлиги бўлган шахслардир.    

Мажлисда айрим референдум участкаларида овоз бериш жараёнини видео-трансляция қилиш ҳамда баъзи референдум участкаларида синов тариқасида овоз берувчи фуқароларни биометрик идентификация қилиш қурилмаларидан фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни белгилаш масаласи муҳокама қилинди.  

Таъкидланганидек, овоз бериш жараёнини видео-трансляция қилиш тажрибаси 2019 йилда парламент сайловларида илк бор қўлланилган. Шундан сўнг 2021 йилда Президентлик сайловида ҳам ушбу тажрибадан самарали фойдаланилган. Референдум участкаларида видеокузатувларнинг ўрнатилиши холислик, очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.    

[gallery-11422]

Мажлисда муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.    

— Қонунчилигимизга кўра, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказувчи участкаларида референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар учун муддатидан олдин овоз бериш ўтказилиши мумкин, — деди МСК котибияти раҳбари Худоёр Маматов. — Муддатидан олдин овоз бериш 2023 йил 19 апрель куни бошланиб, 2023 йил 26 апрель куни якунланади. Референдум участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар бўлиб ўтади. Алоҳида таъкидлаш жоизки, референдумда илк бор муддатидан олдин овоз бериш тажрибаси йўлга қўйилмоқда. Бу фуқароларнинг ўз сиёсий ҳуқуқларидан самарали фойдаланишлари учун янада кенг имконият яратади.    

Шунингдек, мажлисда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар ҳамда ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Маълум қилинишича, шу кунга қадар Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан МДҲ кузатувчилари миссиясидан, Бельгия, Малайзия, Нидерландия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ҳиндистон каби хорижий мамлакатлардан жами 30 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилди. Бундан ташқари, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг 102 нафар, хорижий оммавий ахборот воситаларининг 11 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 496 нафарни ташкил этмоқда.  

Мажлис давомида референдум ўтказувчи  1-Қорақалпоғистон, 7-Самарқанд, 13-Қашқадарё округ комиссиялари раисларининг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни юқори ташкилий даражада ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусидаги ахборотлари ҳам тингланди.  

Мажлисда кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.  

<iframe width="1920" height="969" src="https://www.youtube.com/embed/myKmLJQAS9Y" title="Референдум кундалиги: 19-26 апрель кунлари муддатидан олдин овоз бериш ўтказилади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муҳтарама Комилова,    

Нишон Абдувоитов (видео), ЎзА