Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдум билан боғлиқ савол бўлса, қаерга мурожаат қилиш мумкин?
15:11 / 2023-04-14

Айни кунларда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни миллий қонунчилигимиз ва халқаро талабларга мос тарзда ўтказиш учун барча тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Аҳолига референдумнинг моҳияти, унда иштирок этиш тартиблари тушунтирилмоқда, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича батафсил маълумотлар берилмоқда.

Кенг кўламдаги тушунтириш-тарғибот ишларига қарамай, баъзан фуқароларда референдум жараёнлари билан боғлиқ саволлар, айрим тушунмовчилик ёхуд мурожаатлар юзага келиши табиий. Хўш, ана шундай вазиятда улар кимга, қаерга мурожаат қилиши, ўзларини ўйлантирган саволларга қай тартибда батафсил ва ишончли тарзда жавоб олиши мумкин?  

Таъкидлаш жоизки, мазкур сиёсий жараёнда тўлиқ ва ишончли ахборотга эга бўлиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Марказий сайлов комиссияси ҳузурида йўлга қўйилган тезкор ахборот бериш маркази — “Cаll-center” фаолияти алоҳида ўрин тутади.    

2023 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Марказий сайлов комиссияси ҳузурида фуқароларнинг референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга оид хабардорлигини ошириш мақсадида реал вақт режимида тўғридан-тўғри фаолият олиб борувчи тезкор ахборот бериш маркази — “Cаll-center” ўз ишини бошлаган эди. Марказнинг асосий вазифалари референдум ўтказувчи комиссиялар фаолияти, референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида тўлиқ ва ишончли ахборотни фуқароларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш орқали етказиш,  аҳолининг референдум қонунчилиги ва референдум жараёнларидан хабардорлик даражасини оширишдан иборат. Бунинг учун фуқаролар мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан туриб "1200" ягона қисқа рақамига бепул телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилиши мумкин.    

Айни пайтда “Cаll-center”да Марказий сайлов комиссияси таркибий бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Миллий гвардия, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги тизимининг ҳамда Давлат бошқаруви академияси ва бошқа мутасадди давлат органлари ва ташкилотларининг экспертларидан иборат операторлар фаолият кўрсатмоқда. Улар аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларга қонунчиликка асосланган ҳолда тўлиқ жавоб бериб боришмоқда.  

“Cаll-center” операторларининг айтишича, бугунги кунда марказга аҳоли вакиллари томонидан кўплаб савол ва мурожаатлар келиб тушмоқда. Жумладан, ўз референдум участкаларини ўзгартириш, муддатидан олдин овоз бериш учун қаерга мурожаат қилиш кераклиги ва бошқа шу каби қатор масалаларда мурожаат келмоқда. Фуқароларнинг барча савол ва мурожаатларига мутахассис операторлар томонидан тезкор ва аниқ тарзда жавоб берилмоқда.    

[gallery-11421]

Эътироф этиш жоизки, тезкор ахборот бериш маркази фаолиятининг йўлга қўйилгани фуқароларнинг овоз бериш ва мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун шароит яратади, юртдошларимизнинг ушбу сиёсий жараёнлар борасида аниқ, ишончли, шу билан бирга, тезкор ахборот олишларига хизмат қилади.    

Муҳтарама Комилова,

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА