English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Референдум - 2023: Келажагинг учун овоз бер!
12:13 / 2023-03-30

Навоий давлат педагогика институти Ўзбек тили ва адабиёти факультетида “Референдум - 2023: Келажагинг учун овоз бер!” шиори остида “Референдум ва ёшлар” номли талабалар форуми бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Акшагул Тулегенова ва Инна Коржикова, “Оқила аёллар” ҳаракати Навоий вилояти раҳбари, халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Анора Бобомуродова Конституциямизга киритилаётган қўшимчалар ва ўзгаришлар, янги моддаларнинг аҳамияти борасида тўхталиб ўтди.  

Таъкидланганидек, Янги Конституция лойиҳасида Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади сифатида белгиланяпти. Унда “инсон – жамият – давлат” деган тамойил илгари сурилиб, инсон қадри ҳар нарсадан устун эканлиги таъкидланмоқда. Янгиланаётган Конституцияда таълим соҳаси бўйича ҳам кўпгина модда ва нормалар ўз ифодасини топиб, таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошган. Фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши белгиланиб, ногиронлиги бор болалар жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида шаклланиши ва камол топиши учун инклюзив таълим йўлга қўйилади.  

– Биз ёшлар олийгоҳни тугатганимиздан сўнг аксариятимиз ўқитувчи бўлиб фаолиятимизни бошлаймиз, – дейди Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибаси Умида Раҳмонова. – Янгиланаётган Конституциядаги ўзгаришлардан бири шундаки, давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилмоқда. Бу эса бизнинг келгусидаги фаолиятимиз кафолатидир.  

Конституцияда олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи кафолатланмоқда. Ушбу норманинг киритилиши олий ўқув юрти ва илмий-тадқиқот муассасаларининг таълим ҳамда илмий-тадқиқот жараёнига давлат иштирокини чеклашга, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.  

– Мен фаолиятим давомида бир неча йиллар ўқитувчи бўлиб ишлаганман, – дейди “Оқила аёллар” ҳаракати Навоий вилояти раҳбари Анора Бобомуродова. – Ўқувчилик, талабалик ва фаолиятимнинг аксарият йилларида мажбурий меҳнатга жалб этилганмиз. Бугун эса вазият ўзгарди. Инсон қадри улуғланиб, ислоҳотлар инсон манфаатлари учун хизмат қиляпти. Бу тамойил Конституциямизда қатъий белгилаб қўйилмоқда.  

– Мен янгиланишлар, ўзгаришлар, фаровон ҳаёт тарафдориман. Ўзбекистон Республикаси Янги Конституциясини ўқир эканман, унинг туб мазмун-моҳияти билан танишиб, инсон қадри ва шаъни улуғланаётганидан, янада юксалаётган давлат қурилаётганидан, айниқса, ижтимоий давлат шаклланаётганидан беҳад хурсандман. Мен бугунги куним, келажагим учун, фарзандларимнинг камоли, бахту иқболи, таълим-тарбияси учун бефарқ эмасман. Конституциямизда таълим-тарбияга оид янги моддаларнинг киритилганлиги мени бефарқ қолдирмади. Айниқса, олий таълим тизимидаги янгича ислоҳотларнинг янги қиёфаларини кўриб беҳад хурсанд бўлдим, – дейди институт Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Хуршид Қурбонов.  

Тадбирда талабалар ҳам сўзга чиқиб, Янгиланаётган конституцияга киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ҳамда тенгдошларини 30 апрель куни бўлиб ўтадиган Референдумда фаол иштирок этишга чақирди.  

 

Абдували Бўриев, ЎзА