“Red Wings” авиакомпанияси 15 март куни Россиянинг “Sukhoi Superjet 100” (SSJ100) самолётида Москвадан Истанбулга ўз парвозини бошлайди, – дейилади РБК хабарида.
Парвозлар Домодедово аэропортидан ҳар куни 100 ўринли лайнерларда амалга оширилади.
Ҳозирча чипталар сотуви 26 мартгача очиқ.
“Red Wings” авиакомпаниясининг таъкидлашича, ўз паркидаги SSJ100 самолётлари Россия лизинг компанияларига тегишли бўлиб, давлат авиация реестрида рўйхатдан ўтган, шунингдек, РФ суғурта компаниялари томонидан суғурталанган.
10 март куни “Red Wings” авиакомпанияси 100 ўринли SSJ100 самолётларида Екатеринбург ва Челябинскдан Ереванга парвозларни бошлаганини эълон қилганди. Бунгача авиакомпания ушбу аэропортлардан Арманистонга учмаган.
Чипталар сотуви март ойининг охиригача очиқ. Авиакомпания Екатеринбургдан Ереванга ҳафтасига 2-3 та, Челябинскдан 1-2 та рейсни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Агар талаб мавжуд бўлса ва авиация маъмурлари рухсат берса, “Red Wings” авиакомпанияси қўшимча рейсларни жорий этишга тайёр.