Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рецептсиз дори воситалари рекламасини чеклаш керак(ми?)
15:58 / 2023-01-12

Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситаларини  қабул қилган ўзбекистонлик 20 нафар боланинг вафот этгани ҳақидаги хабар йил якунида барчанинг қалбини ларзага солди.

Шунингдек, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди ва барча дорихоналардан қайтариб олинди. Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси тўхтатилди. Мана шу дорилар назоратини олиб бормаган масъулларга нисбатан тегишли жавобгарлик белгиланди.

Кўпчилик ҳамюртларимиз кейинги вақтларда телевидение каналлари орқали дори воситаларининг рекламаси ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани, одамлар шифокор рецептисиз дорихоналардан дори олиб ичаётганликларини бунга сабаб қилиб кўрсатишди.

Дарҳақиқат, дорихоналарга кирганимизда одамлар дори воситаларини худди супермаркетда савдо қилаётгандек сотиб олаётганликларига гувоҳ бўламиз.

Хўш, бу каби фожиаларнинг олдини олиш, аҳоли орасида тиббий маданиятни шакллантириш учун дори воситалари рекламасини чеклаш ёки тақиқлаш керакми?

Ушбу саволга жавоб олиш мақсадида ЎзА мухбири Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими, юридик фанлар номзоди Саидаҳмад Ишанходжаевни суҳбатга чорлади.

Дори воситаларининг рекламаси бўйича юртимиздаги ҳолат барчамизга маълум. Бун ҳолат жаҳон амалиётида қандай?

– Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларда дори воситалари рекламасини тартибга солувчи миллий қонунчилик 2001/83/ЕC директиваси асосида уйғунлаштирилган. Европа Иттифоқининг мазкур директивасига мувофиқ, рецепт бўйича бериладиган дори воситалари, шунингдек, БМТнинг 1961 ва 1971 йиллардаги конвенцияларида гиёҳвандлик ёки психотроп сифатида таснифланган моддалар таркибида бўлган дори воситалари охирги фойдаланувчисига қаратилган реклама кампанияларини ўтказиш тақиқланиши белгиланган.

Комиссиянинг “Аъзо давлатларнинг қонунлари, регламентлари ёки маъмурий қарорлари билан белгиланган айрим қоидаларни мувофиқлаштириш тўғрисида”ги Директиванинг 14-моддасига мувофиқ, телекўрсатувларда шифокор рецепти асосида тақдим этиладиган дори воситалари ва тиббий даволаш воситалари рекламасини амалга ошириш тақиқланади.

Болгарияда дори воситалари рекламасини тартибга солишга қўйиладиган талаблар “Дори воситалари тўғрисида”ги қонун ва бу соҳадаги Европа Иттифоқи стандартларига мос келадиган дори воситаларини реклама қилиш талаблари тўғрисидаги 1/2012-сонли Регламентда белгиланган.

Реклама эфирга чиқарилишидан олдин мазкур реклама материали тасдиқлаш босқичидан ўтади. Болгария дори агентлиги Экспертлар кенгашида истеъмолчилар ташкилоти, медиа соҳаси ва соғлиқни сақлаш мутахассислари томонидан реклама материали кўриб чиқилади, сўнгра ариза берилган кундан бошлаб 1 ой ичида Экспертлар кенгашининг хулосаси асосида Болгария дори воситалари агентлиги раҳбари қарор чиқаради.

Македонияда шифокор рецептисиз дори воситаларининг рекламаси тўлиқ маълумотларни ўз ичига олиши ва истеъмолчиларни чалғитмаслиги зарур. Реклама Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Дори воситалари бюроси тасдиғидан ўтиши керак.

Македония қонунчилигида рекламага киритилиши керак бўлган маълумотларнинг талаблари белгиланган. Бунга савдо номи, тўлаш усули, танишиб чиқиш учун кўрсатмалар ва шифокор ёки фармацевт билан боғланиш зарурати ва бошқалар киради.

Хитой қонунчилигига кўра, барча оммавий ахборот воситаларида рецептсиз дори воситаларини охирги истеъмолчига реклама қилишга рухсат этилади. Асосий мезон кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги бўлиб, у Давлат кенгаши ҳузуридаги Дори воситаларининг айланишини тартибга солиш бошқармаси томонидан тасдиқланиши керак.

Шу билан бирга, рецепт бўйича дори-дармонлар фармацевтика ва тиббиёт соҳалари мутахассислари учун ихтисослаштирилган нашрларда эълон қилиниши мумкин. Ихтисослашган нашрлар учун маълумотлар кенг жамоатчиликка очиқ бўлмаслиги керак. Рецептсиз дори воситалари бўлгани каби, ихтисослашган нашрлар учун рецептли дори воситаларининг рекламалари ваколатли органлар томонидан тасдиқланиши белгиланган.

– Юртимизда рецептсиз дори воситаларини реклама қилишни чеклаш ёки тақиқлаш керакми?

– Ўзбекистонда рецептсиз дори воситалари рекламасини амалга ошириш жараёнини тақиқлаш эмас, такомиллаштириш керак. Бунинг учун энг аввало рецептсиз дорилар рекламасини амалга ошириш жараёни бўйича жамоатчилик назорати субъектлари иштирокида реклама материалига муносабат билдириш механизмини жорий этиш зарур. Унда рекламани қонунда белгиланган талабларга мослиги ва унинг ишончлилиги ҳамда улардан фойдаланишга қарши кўрсатмалар мавжудлиги, қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёки мутахассислар маслаҳатини олиш зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши каби масалалар қамраб олинса яхши бўлар эди.

– Дори рекламасида халқ соғлиғи бир тараф бўлса, тадбиркор манфаати иккинчи тарафда туради. Дори рекламаси борасида қандай йўл тутсак, ҳар икки тараф учун фойдали бўлади?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан телеграм, инстаграм ва фейсбук ижтимоий тармоқларида рецептсиз дори воситалари рўйхати ва унга оид маълумотларни доимий жойлаштириб ва янгиланиб бориш ҳамда турли мобиль алоқа компаниялари томонидан СМС-хабар юбориш тартибини жорий этиш керак.

ОАВда мунтазам равишда халқ табобатига оид табиий шифобахш ва доривор ўсимликлар бўйича кўрсатувлар сони ва сифатини кўпайтириш ҳамда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларни кенг ёритиб боришни йўлга қўйиш шарт.

ОАВда аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, жумладан дори воситаларини шифокор кўрсатмаси асосида харид қилиш кўникмасини шакллантиришга доир ижтимоий реклама роликларини йўлга қўйиш керак.

Энг муҳим жиҳати, рецептсиз дори воситалари рекламасини намойиш этиш вақти ва унинг сони, ижтимоий сўровлар натижасидан келиб чиққан ҳолда эфирга узатиш тавсия этилади.

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди,

ЎзА