Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими такомиллашуви борган сари янги босқичга кўтарилмоқда. Бунда олиб борилаётган тизимли ёндашувлар ўз самарасини ҳам бераётгани кишини қувонтиради. Қолаверса, ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган мутахассислар малакасига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Халқаро ҳамкорликлар эса муҳим тажриба майдони вазифасини ўтаб келмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров ва Япониянинг “Kitahara International Hospital” муассасаси раҳбари доктор Шигеми Китахара ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Япония илғор технологияларидан фойдаланган ҳолда кундузги парваришлаш ва реабилитация марказларини ривожлантириш, шунингдек Японияда қўлланилаётган методика ва амалиётлар асосида маҳаллий мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорлик йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликни босқичма-босқич кенгайтириш, соҳага Япониянинг инновацион тажрибасини татбиқ этиш, мутахассислар учун ўқув-амалий дастурларни йўлга қўйиш ҳамда реабилитация хизматларини янги босқичга кўтаришга қаратилган қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш борасида келишиб олди.
Шунингдек, мамлакатимизда реабилитация тизимини такомиллаштиришда замонавий, илмий асосланган ёндашувларни жорий этиш устувор вазифа экани таъкидлаб ўтилди.
Шербек Исломов,
ЎзА