English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Реабилитация марказларининг оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдаги ўрни қандай?
09:52 / 2021-06-05

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Оилавий зўравонликнинг олдини олиш, реабилитация марказлари фаолияти ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Маҳала ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ўтган вақт давомида оилавий зўравонликларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида вазирлик қошида аввалги марказ негизида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий ва туманлараро 29 та намунали маркази ташкил этилди.

- Марказларнинг асосий вазифаси тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишдан иборат, - дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилором Қўзиева. - Аввалги тартибда зўравонлик ҳолати содир этилган вақтда 1146 ишонч рақамига мурожаатлар бўлганда мурожаатчиларнинг шикоятларини операторлар тинглаб, сўнг бизни колл марказдаги модераторлар билан улангунича вақт кетарди. Ҳозирги кунда биз ишонч телефони билан боғланишдаги муаммоларни ҳал қиляпмиз. 20 июнга қадар вазирликнинг муаммолари учун алоҳида ишонч рақами, зўравонлик масалалари учун ягона телефон ишга тушади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунга қадар ҳам шу йўналишда мавжуд марказлар орқали хотин-қизларга турли ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган вақти давомида марказларга мурожаат қилган 4 минг 205 нафар фуқаронинг 1 минг 991 нафарига психологик, 1 минг 524 нафарига ҳуқуқий, 115 нафарига эса тиббий ёрдам берилди.

- Маҳаллаларда турли шароитда яшайдиган оилалар бор, - дейди Шайхонтоҳур туманидаги Камолон маҳалласи раисининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Маъсуда Маҳкамова. - Хотин-қизлар оиласида зўравонлик ёки тазйиққа учраган пайтда қўни-қўшнилари, қариндош уруғларидан андиша қилиб, фарзандларининг келажагини ўйлаб кўпинча биздан сир тутишади. Шу боис биз фаоллар уйма-уй юриб, ҳар бир оиладаги муҳитни ўрганамиз ва муаммолар бўлса, психолог ҳамда ҳуқуқшунослар билан биргаликда бартараф этишга ҳаракат қиламиз. 1 июндан бошлаб “Ҳимоя ордери” нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар ҳам профилактик ҳисобга олиниши жорий қилинди.

Тадбирда шунингдек, вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари ҳузурида ташкил этилган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолияти ҳамда оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган энг муҳим жараёнлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА