French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Реабилитация марказларининг мақсад-вазифалари қандай?
18:34 / 2021-06-07

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Оилавий зўравонликнинг олдини олиш, реабилитация марказлари фаолияти ва оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маҳала ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан ўтган вақт давомида оилавий зўравонликларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар хусусида тадбир иштирокчиларига маълумотлар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 майдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида вазирлик қошида аввалги марказ негизида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий ва туманлараро 29 та намунали маркази ташкил этилди.

– Марказларнинг асосий вазифаси, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишдан иборат, –дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилором Қўзиева. 

– Илгариги тартибда зўравонлик ҳолати содир этилган вақтда 1146 ишонч рақамига мурожаатлар бўлганда мурожаатчиларнинг шикоятларини операторлар тинглаб, сўнг бизни колл марказдаги модераторлар билан улагунича вақт кетарди. Ҳозирги кунда биз ишонч телефони билан боғланишдаги муаммоларни ҳал қиляпмиз. 20 июнга қадар маҳалла вазирлигининг муаммолари учун алоҳида ишонч рақами, зўравонлик масалалари учун ягона телефон ишга тушади.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунга қадар ҳам шу турдаги мавжуд марказлар орқали хотин-қизларга турли ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда. Жорий йилнинг ўтган вақти давомида Марказларга мурожаат қилган 4205 нафар фуқаронинг 1991 нафарига психологик, 1524 нафарига ҳуқуқий, 115 нафарига эса тиббий ёрдам берилди.

– Беш бармоғимиз баробар бўлмаганидек, маҳаллада ҳам турли шароитда яшайдиган оилалар бор, –дейди Шайхонтоҳур тумани, Комолон маҳалласи оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича раиси ўринбосари Маъсуда Маҳкамова. 

– Хотин-қизлар оиласида зўравонлик ёки тазйиққа учраган пайтда қўни-қўшниларидан, қариндош уруғларидан андиша қилиб, фарзандларининг келажагини ўйлаб, кўпинча биздан сир тутишади. Шу боис, биз фаоллар уйма-уй юриб, ҳар бир оиладаги муҳитни ўрганамиз ва муаммолар бўлса, психолог ҳамда ҳуқуқшунослар билан биргаликда бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Мана, янги қарорга асосан 1 июндан бошлаб «Ҳимоя ордери» нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахслар ҳам профилактик ҳисобга олиниши жорий қилинди.

Шунингдек, тадбирда вазирликнинг туман, шаҳар бўлимлари ҳузурида ташкил этилган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолияти ҳамда оилавий ажримларни олдини олиш борасида олиб борилаётган энг муҳим жараёнлар хусусида ҳам атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.

Нигора Раҳмонова, ЎзА