Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон Банки “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” (“MUNIS”) лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи томонидан инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Research Commercialization Program (RCP)” танлов грант дастурини эълон қилиш режалаштирилган.
RCP дастурининг мақсади – бизнес концепциясини мавжуд ва кичик ҳажмдаги прототип яратиш босқичидаги илмий-тадқиқот ва ишланмалар натижаларини тижоратлаштиришга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш, тижоратлаштириш салоҳиятига эга бўлган лойиҳаларни консультацион қўллаб-қувватлашдан иборат.

Пойтахтда Жаҳон Банкининг “Ўзбекистон миллий инновацион тизимини модернизация қилиш” (MUNIS) лойиҳаси доирасида илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш бўйича бизнес-лойиҳаларни грант асосида молиялаштиришга бағишланган семинар ташкил этилди. Семинарда Жаҳон Банкининг халқаро экспертлари томонидан танлов шартлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Танлов шартлари, талаблари ва йўналишлари, ариза топшириш ва экспертиза жараёнлари бўйича батафсил маълумотларни тақдим этишга қаратилган амалий дастурни ишга туширишга тайёргарлик кўриш ҳамда потенциал талабгорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида семинар жорий йилнинг 5, 7, 12 ва 14 декабрь кунлари “INNO” технопаркида онлайн ва офлайн шаклларда ташкил этилди.

Ушбу семинарларда RCP дастури ҳақида умумий маълумот берилди, ҳамда аризаларни топшириш, уларни кўриб чиқиш тартиби, ҳамда грант шартлари ва талаблари каби масалалар қамраб олинди. Тадбирларнинг якуний қисмида Q&A сессиялари бўлиб ўтди ва уларда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди. Семинарларда жами 500 нафардан ортиқ тингловчи, хусусан, ОТМлар, илмий ташкилотлар ва хусусий сектор вакиллари, шунингдек, олим-тадқиқотчилар ва ёш стартапчилар иштирок этишди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА