French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Райҳона Қодирова: Давлатимиз байроғи кўтарилишига кўп бор сабабчи бўлганимдан фахрланаман
00:39 / 2023-11-18

“Ўзбекистон рамзи – байроғи, герби тасвири туширилган спорт кийимлари кийишни болаликдан орзу қилардим. Ота-онам ёшлигимда яхши ўқисам, олий ўқув юртига кирсам, шундай кийим олиб беришни ваъда қилган. Шу орзу йўлида ва ота-онам шартини бажариш учун қунт билан билим олдим, олий ўқув юртига кирдим, спорт соҳасида ҳам юқори натижаларга эришдим. Ҳозир эса Ўзбекистон белгиси туширилган спорт либосларим жуда кўп. Уларнинг ҳар бири мен учун жуда қадрли, чунки давлатимиз байроғи, герби тасвири туширилган кийимларни қаерга кийиб борсам, дарров “Спортчимисиз?”, деб сўрашади. Хорижда эса “Ўзбекистонданмисиз?” деган савол билан юзланишади. Бу кишига чексиз фахр, ғурур бағишлайди...”

Бу бокс бўйича Ўзбекистон чемпиони, халқаро мусобақалар совриндори, Токио Олимпиадаси ишитрокчиси Райҳона Қодированинг кечинмалари.

Дарҳақиқат, давлат рамзи, қадим-қадимдан ҳар бир халқда мустақиллик, озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли ҳисобланган байроқни ҳар қандай инсон муқаддас билиб, ардоқлаб, кўз қорачиғидек асрайди.

Спортчи эса мамлакати байроғи билан юрт довруғини дунёга танитади. Шу боис мазкур соҳа вакиллари учун байроқ янада аҳамиятли, қадрли.

– Байроқ ҳар давлатнинг юзи, – дейди Райҳона. – Масалан, хорижда юрганда кўтариб юрган ёки либосида тасвири туширилган байроғи орқали спортчининг қайси давлат вакили эканлигини билиб оламиз. Чет элда ўз байроғимизни кўрсак, беҳад қувонамиз. Дунёнинг турли бурчакларида кўкка бўй чўзиб, ҳилпираб турган туғимизни кўриб, ранглари, ой ва 12 юлдуз тасвири бетакрорлигидан фахрланамиз.

Мусобақа залида жуда кўп давлатлар қатори Ўзбекистон байроғи ҳам борлиги доим менга қўшимча куч бағишлайди. Спортчи сифатида халқаро мусобақада ғолибликка эришганимда байроғимизни бошим узра баланд кўтариб, баралла янграётган мадҳиямизни тинглаганимда Ўзбекистон фарзанди эканлигимдан, шу байроқ остида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётганимдан фахрланаман.

Райҳона қайси давлатга бормасин, ўзи билан доимо юртимиз байроғини олиб юради. “Бу менинг кимлигимни, қайси юртнинг фарзанди эканлигимни англатиб туради,” – дейди у.

Дунё миқёсида ўтказилган энг йирик мусобақалар, яъни Олимпиада ва Осиё ўйинларида иштирокчи давлатлар томонидан ҳар бир мамлакатнинг байроқдори танланади ва ўша спортчи ўз байроғини кўтариб, сафнинг олдида юради. Қолган спортчилар эса уларга эргашган ҳолда майдонга чиқади. Ҳар бир спортчининг қўлида ҳам кичик байроқ бўлади. Жаҳон ареналарида ана шундай байроқ кўтарган спортчиларга кўплаб ёшлар ҳавас қилади.

– Ўз байроғини кўкларга кўтариш – ҳар бир спортчининг орзуси. Қандай мусобақа бўлмасин, спортчимиз туфайли байроғимиз кўтарилганини кўрсам, кўзларимга ёш келади, – сўзида давом этади Райҳона. – Ана шундай шарафли соҳа вакили бўлганимдан, давлатимиз байроғини кўп март юқори кўтарилишига сабабчи бўлганимдан ғурурланаман. Мен бахтлиман, чунки биз, ёшларга барча имконият яратилган. Буларнинг бари бизга кучли шижоат бағишлайди.

Кечагидек ёдимда: 2018 йил Ҳиндистонда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати очилиш маросимида  дугоналарим билан бирга юзимизга Ўзбекистон байроғини чиздирган эдик. Ўшанда бошқа давлатлар вакиллари бизни кўриб, ҳайратга тушган, байроғимиз чиройли эканини эътироф этишган, эсдалик учун биз билан суратга тушишган. Ўша воқеани кўп бор яхши хотиралар билан ёдга оламан.

Райҳона Қодирова Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги олис қишлоқда туғилган. Спортга кучли қизиқиш кўплаб тўсиқларни, қийинчилик ва машаққатларни енгиб ўтишда унга куч берди. Қиз бола бўлса-да, боксни танлаганда, кўпчилик уни фикридан қайтаришга уринди. Райҳона эса олдига қўйган улкан мақсади сари дадил интилаверди. Ўзи ва ота-онасининг орзуларини рўёбга чиқариш учун тинимсиз меҳнат қилди. Бугун нафақат мамлакат миқёсида, балки нуфузли халқаро мусобақаларда эришган кўплаб ютуқлари туфайли Райҳонани кўпчилик танийди, ҳурмат қилади. Табиийки, Париж Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш ниятида машғулотларга зўр берган боксчи қизга ҳавасмандлар ҳам бисёр.

– Ушбу мусобақада ҳам давлатимиз байроғини сарбаланд этиш эзгу ниятим, – дея суҳбатимизга якун ясади Райҳона.

Гўзал Сатторова,

ЎзА