Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабарига кўра, Пекинда бошланаётган қишки олимпия ўйинларида иштирок этадиган спортчимиз Комилжон Тўхтаев бугун Янсинда ўтадиган мусобақалар олдидан дастлабки машғулотларга киришди.
Ҳамюртимиз илк машғулотларни европалик спортчилар билан биргаликда олиб бормоқда.
Бугун, 4 февраль куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов Янцин шаҳарчасидаги Ўзбекистон спорт делегацияси жойлашган спорт мажмуасида ҳамюртларимиз ва спортчимиз Комилжон Тўхтаев билан учрашди. Улар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Пекин тоғларида қор ёғмаяпти. Бироқ техника оламида илгарлаб кетган хитойликлар учун бу муаммо эмас. Беллашувлар бўлиб ўтадиган барча трассалар сунъий қор билан қопланган.
– Жуда мураккаб трасса. Ундаги қорнинг баъзи қисми музга айланиб қолгани учун тезлик юқори. Бу тезкор тушиш дастурлари учун янада мураккаблик туғдиради. Ҳозирда бор эътиборимни трассага мослашиб олишга қаратмоқдаман,– деди Комилжон телефон орқали мулоқотда.
Спортчимиз Пекин-2022 ўйинларининг баҳсларини 13 февраль ва 16 февраль кунлари ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент вақти билан 17:00 да Пекин шаҳридаги "Қуш уяси" номли стадионда XXIV қишки Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий меҳмонлар сафида қатнашиши кутилмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА