Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Равон йўллар обод манзилларда бўлади
12:03 / 2025-02-01

Ҳар йили йўллар таъмирланади. Мамлакатимизнинг қайси ҳудудига бормайлик, километрларга чўзилган, бузилаётган ёки таъмирланаётган йўлларга кўзимиз тушади. 2009-2016 йилларда 9 триллион сўм эвазига минг километрдан кўпроқ йўл қурилган ва 20 минг километри таъмирланган бўлса, сўнгги саккиз йилда бу кўрсаткичлар 6 баробаргача ўсган. Яъни, соҳага 58 триллион сўм ажратилиб, 2 минг километр йўл барпо этилган, 100 минг километри таъмирланган.

Хўш, жойларда йўллар сифати ўзгардими?  

Юртимизда транспорт воситалари сонининг ортиб бораётгани аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиб, иқтисодий имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолатдир.  

Йўллардаги тирбандликларнинг олдини олиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл инфратузилмаси ҳам ривожланмоқда. Д 076 у “Жондор шаҳрига (289 км дан)” автомобиль йўлининг туман марказидан ўтувчи қисми асосий йўл ҳисобланади. Йўлнинг автомашиналар қайрилиб олиш жойида масофа камлиги сабаб 1,2 метрга кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда.

Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Президент топшириғига асосан, Сурхон воҳасининг Музработ туманидан кесиб ўтувчи, давлат аҳамиятидаги Д163 (4Р110) “Шеробод ш.-Пашхурт қ.-Оқтош қ.-Музработ қ.” автомобиль йўлининг 62–72-километр қисмларида кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур туманнинг Сополлитепа, Халқ йўли, Меҳригиёҳ ва Тонг юлдузи маҳаллаларидан кесиб ўтувчи ҳамда ҳудудни Шеробод тумани билан боғловчи ушбу йўлнинг 10 км қисмини таъмирлаш белгиланган.  

Ҳозирда Музработ туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан махсус техникалар ҳамда машина-механизмлар ёрдамида ушбу йўлнинг 62–72-километрлари оралиғида таъмирлаш ишларининг сўнгги босқичи, яъни, асфальтлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундан нафақат маҳаллий аҳоли, балки, йўловчи ва ҳайдовчилар ҳам мамнун.

Сирдарё Йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси ишчи-ходимлари томонидан халқаро аҳамиятга эга бўлган М34 “Тошкент—Душанбе” автомобиль йўлининг 60–62-километрлари оралиғида жорий таъмирлаш ҳамда асфальт босиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирда А380 “Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнов” халқаро автомобиль йўли босқичма-босқич таъмирланмоқда. Мазкур лойиҳани амалга оширишда Хитой Халқ Республикасининг “China Road and Bridge Corporation” компанияси пудратчи ташкилот сифатида иш олиб бормоқда.

Тошкент вилоятининг Паркент туманида Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан “Паркентсой” ҳудудининг қирғоғи бўйлаб айланиб ўтувчи, бир томонлама ҳаракатланувчи 2 та ҳаракат тасмали 4,6 км узунликдаги автомобиль йўлини қуриш ишлари қизғин олиб борилмоқда. 

Шунингдек, туман марказида пиёдаларга қулайлик яратиш мақсадида “Паркент деҳқон бозори” олдида қиймати 15 миллиард сўм бўлган 2 та ерости пиёдалар ўтиш йўлаги, туризм инфратузилмасини яхшилаш мақсадида қиймати 8,7 миллиард сўм бўлган яна бир лойиҳа ишлари жадал суръатда бошланган. Мазкур хайрли ташаббус натижасида тумандаги Кумушкон маҳалласида жойлашган “Ҳазрат Али” зиёратгоҳига олиб борадиган йўл янги қиёфа касб этмоқда.

Ховос ҳамда Оқолтин туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи-ходимлари томонидан халқаро аҳамиятга эга бўлган М34 автомобиль йўлининг 59—65-километрлари оралиғида сақлаш ишлари олиб борилмоқда.

Халқаро аҳамиятдаги М37 “Самарқанд — Бухоро — Туркманбоши” автомобиль йўлининг 264-километрида мавжуд кўприк зовур устига қурилган. Йўлнинг айни шу қисми жуда серқатнов. Яъни, касалхоналар, бозор, автошоҳбекат ва турли корхоналар шу атрофда бўлгани учун нафақат автотранспорт воситалари, балки пиёдалар қатнови ҳам гавжум. Пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Бухоро Йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси давлат муассасасининг 91-йўл бўлими томонидан ушбу кўприкнинг пиёдалар ўтиш йўлагига BDO-3 бетон тўсиқлари ўрнатилди.

Фарғона вилояти ҳудудидаги автомобиль йўллари сифатини яхшилаш, уларнинг ўтказувчанлик қобилиятларини тиклаш ва хизмат кўрсатиш муддатини узайтиришга қаратилган ишлар бажарилмоқда.

Хусусан, Фарғона вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси тизим корхоналарида юк автомобилларининг вазн параметрларини назорат қилувчи кўчма тарозилар ишга туширилган. Фарғона вилоятида ўтган 2024 йил мобайнидан жами 4 минг 945 та юк автомобили назоратдан ўтказилиб, 113 нафар юк ташиш қоидаларини бузган автомобиль ҳайдовчисига тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Бугунги кунда вилоятда 10 дона кўчма тарози пунктлари фаолият юритмоқда. Қувасой ЙФДМ томонидан Д089 “Фарғона ш. - Қувасой ш. - Қирғизистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 7-8 км оралиғида транспорт воситалари вазнини ўлчовчи кўчма тарози ёрдамида ўлчов ишлари олиб борилди.

Наманган туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан давлат аҳамиятидаги Д 113 (4Р 120) «Исковот. қ–Косонсой. ш–Тўрақўрғон. ш–Жомашуй. ш– Улуғнор т.–А 373 а/й» автомобиль йўлида ҳайдовчи ва пиёдалар учун қулайлик яратиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар қизғин давом этмоқда. Хусусан, туман йўлсозлари томонидан мазкур йўлнинг 55–62-километрлари оралиғида айни пайтда пиёдалар учун хавфсиз йўлак қуриш ишлари амалга оширилмоқда.  

Шунингдек, йўлнинг қатнов қисмини кенгайтириш ва сув қочириш тизимини янгилаш учун лоток ётқизиш ишлари ҳам бажарилмоқда.

Ҳудудларда йўл тизимини яхшилашга доир ишлар давом эттирилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА