Қарор ва ижро
Тошкент вилоятида аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш ҳамда уларга қулай шароитлар яратиш бўйича тизимли чора-тадбирлар давом этмоқда. Бироқ аҳоли мурожаатлари орасида кўп учрайдиган масала ҳудудлардаги ички йўлларни шағаллаштириш ҳамда асфальтлаштиришдир.
Шуни эътиборга олиб давлатимиз томонидан ажратилган 70,7 миллиард сўм маблағ ҳисобига бу йил жойлардаги 172,2 километр ички йўллар асфальтлаштирилди. Яна 23,1 километр узунликдаги ички йўллар ҳашар йўли билан шағаллаштирилди.

Айниқса, “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йил 1-мавсуми доирасида ҳудудларда ички йўлларни асфальтлаштириш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Хусусан, Қибрай туманидаги Қипчоқ маҳалласида ҳам ички кўчаларни ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу маҳалланинг 3 километрга яқин ички йўллари янгидан асфальтланмоқда. Бу эса аҳоли учун қулай транспорт ҳаракатини таъминлаш, йўлларда хавфсизликни ошириш ва турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 22 октябрдаги “Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчалари ҳамда ички хўжалик йўллари инфратузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ҳудудларда кўча ва йўлларни таъмирлаш чоралари кўрилмоқда.

Биргина Бўстонлиқ туманида аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида қатор инфратузилма лойиҳалари амалга оширилди. “Марказий”, “Наврўз”, “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинлари кўчаларга асфальт қопламаси ётқизилди. Автомобиль йўллари техник ҳолати таҳлили ва ҳаракат хавфсизлиги маркази ҳамда Тошкент вилояти Автомобиль йўллари Бош бошқармаси ҳамкорлигида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, М39 автомобиль йўлининг 817 ва 871-километрларида, А373 автомобиль йўлининг 3-километрида ҳамда Д015 автомобиль йўлининг 60-километрида кўчма тарозилар ўрнатилиб, юк автотранспорт воситалари устидан доимий назорат йўлга қўйилган. Таҳлилларга кўра, бу йил бошидан ҳозиргача мингга яқин юк автотранспорт воситаси назорат тарозисидан ўтказилган. Улардан айримларида белгиланган меъёрдан ортиқча юк ташиш ҳолатлари аниқланиб, қонун доирасида далолатномалар расмийлаштирилган ва ҳайдовчиларга тегишли кўрсатмалар берилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, автотранспортларда ортиқча юк ташиш ҳолатлари ҳам йўлларнинг соз ҳолатига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли, бу борада белгиланган талабларга амал қилиш мақсадга мувофиқдир. Умуман олганда, амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратишга замин бўлмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.