Андижонда "Инсон қадри улуғланаётган юртда йўл ислоҳотлари" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси ташаббуси билан босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар ҳамда бошқарма мутасаддилари иштирокида ўтказилган тадбирда жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда янги автомобиль йўллари қуриш, таъмирлаш ва ҳолатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
–Тасдиқланган дастур ва топшириқлар асосида 2022 йил давомида 239,7 километр автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган,– дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Авазбек Матқосимов. – Жорий йилнинг ўтган даврида 229,1 километр автомобиль йўли таъмирланиб, 178,6 миллиард сўмлик ишлар бажарилди.
Анжуманда Инвестиция дастури асосида Андижон – Тошкент йўлининг Бўстон туманидан ўтувчи йўлнинг муайян қисмини таъмирлаш бўйича 120,5 миллиард сўмлик ишлар бажарилиши, мазкур йўлнинг 2 километр қисмини фойдаланишга топшириш режалаштирилгани таъкидланди. Амалда 85,9 миллиард сўмлик шағалли асос тайёрлаш, лоток монтаж қилиш, пиёдалар йўлакчаси қуриш ва қуйи асфальт-бетон қатлам ётқизиш ишлари бажарилган.
[gallery-8852]
Бундан ташқари, йўлларни тўла таъмирлаш дастурига асосан Асака, Қўрғонтепа, Марҳамат ва Олтинкўл туманларида 6 та ўтувчи ва 1 та янги объектда таъмирлаш ишларини амалга ошириш, 4,5 километр қисмини фойдаланишга топшириш белгиланган. Амалда 6 та ўтувчи ва 1 та янги объектда 21,8 миллиард сўмлик лотокларни монтаж қилиш, пиёдалар йўлакчаси қуриш ҳамда асфальт-бетон қопламаси ётқизиш ишлари бажарилган.
Жорий таъмирлаш ва сақлаш дастури доирасида 233,2 километр автомобиль йўли жорий таъмирланиши режалаштирилган. Амалда 70,9 миллиард сўмлик ишлар бажарилиб, 229,1 километр автомобиль йўлининг ҳолати яхшиланган. Шунингдек, кўприкларни таъмирлаш дастурига асосан умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларида жойлашган 2 та кўприк реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган. Ички йўлларни таъмирлаш бўйича дастурларига асосан жорий йилда 83,2 километр йўлга асфальт, 270 километр йўлга цемент-бетон қопламаси ётқизиш, 41,8 километр йўлни шағаллаштириш, жами 395 километр йўлнинг ҳолатини яхшилаш белгиланган. Бу ишларни бажариш учун 204 миллиард сўм маблағ ажратилган.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳозирга қадар вилоятдаги 32 та маҳалла йўлларининг 77,6 километр қисмига асфальт, 89 километр қисмига цемент-бетон қопламаси ётқизилиб, 74,8 километр йўл шағаллаштирилган. Умуман, ушбу дастурлар доирасида жами 241,3 километр йўл таъмирланиб аҳолига қулайликлар яратилган. Бундан ташқари, 656,6 километр ички йўл ҳашар йўли билан шағаллаштирилган.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА