Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Равон йўллар – тараққиёт самараси
15:00 / 2014-11-13

“Навоийавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик магистрал ҳамда ички йўлларни таъмирлаш, янги кўприк ва йўл ўтказгичлар бунёд этиш, мавжудларини тубдан реконструкция қилиш ишлари йилдан-йилга кенгаймоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида йўл қурилиши соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Навоийавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик магистрал ҳамда ички йўлларни таъмирлаш, янги кўприк ва йўл ўтказгичлар бунёд этиш, мавжудларини тубдан реконструкция қилиш ишлари йилдан-йилга кенгаймоқда.

– Навоий вилояти ҳудудидаги йўлларнинг аҳоли ҳамда автомобиллар қатнови учун хавфсиз бўлишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди корхона бош муҳандиси Валиқул Элмуродов. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 24 майдаги “2014 йилда умумий фойдаланиладиган халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Ўтган йили Навоий – Нурота йўналишидаги Қизилқум ҳалқа йўли реконструкция қилинди. Нурота тумани ҳудудидаги Қорақарға довони йўлида олиб борилган таъмирлаш ишлари учун 3 миллиард 355 миллион сўм сарфланди. Шу йўлнинг қарийб 1,5 километрлик қисми четига бетон тўсиқлар ўрнатилди. Натижада транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиш даражаси ошди, ҳайдовчи ва йўловчиларга қатор қулайликлар яратилди.

– Туманимиз марказига элтувчи йўлнинг кенгайтирилгани биринчи навбатда тирбандликнинг олдини олди, – дейди хатирчилик ҳайдовчи Бурҳон Қодиров. – Пиёда ва ҳайдовчиларнинг хавфсиз ҳаракат қилиши учун қулайлик яратилди. Энг асосийси, вақт ва ёнилғи тежалмоқда.

Вилоятда йўл қурилиши борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Кармана билан Навоий шаҳрини боғловчи 3,4 километрлик автомобиль йўли янгидан қурилди. Айни пайтда шу йўл ёқаси инфратузилмаси ривожлантирилмоқда.

– Янгиариқ, Арғун ва Талқоқ маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи янги йўл кенг ва равонлиги, ўзида замонавий ечимларни мужассам этгани билан эътиборни тортади, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Кармана тумани бўлими раиси Тоир Йўлдошев. – Йўл четида ёш оилалар учун “Камолот” уйлари барпо этилаётгани, муҳташам тўйхона ва ресторанлар, замонавий маиший хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда савдо шохобчаларининг ишга туширилаётгани барчага манзур бўлмоқда. Ҳудудимиз тобора чирой очмоқда.

Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 20,9 километр ички хўжалик йўллари таъмирланиб, қишлоқлардаги янги массивларда 5,4 километр йўллар бунёд этилди.

Йўл белгиси ва тўсиқларини янгилаш, пиёдалар йўлаклари қуришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилаётган бу каби ишлар аҳолига қулайлик яратиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.