Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Расулжон Мирзааҳмедов “Ҳунарманд” уюшмаси раиси этиб сайланди
14:07 / 2024-08-22

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан конференция ўтказилди.

Конференцияда “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан 2024 йилнинг I ярим йиллигида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ҳамда йил якунига қадар уюшма олдига қўйилган вазифалар тўғрисида маълумот берилди.  

Бугунги кунда республика миқёсида ҳунармандчиликнинг 43 та йўналиши бўйича жами 26,5 минг нафар ҳунарманд фаолият юритиб келмоқда. Жами аъзоларнинг 21 фоизини ёшлар ташкил этади.    

Жорий йилда ҳунармандларнинг хорижий тадбирларда иштирок этиши натижасида 620 минг долларлик ҳунармандчилик маҳсулотлари экспортига эришилди.  

Ҳунармандчилик маҳсулотлари билан савдо қилувчи 3 та интернет дўкон оптималлаштирилди ҳамда ҳунармандларга онлайн савдо йўналишида тўғридан-тўғри кўмаклашувчи 5 та сайт фаолияти давом эттирилмоқда. Ушбу сайтларда 4 мингдан ортиқ ҳунармандлик маҳсулотлари жойланган.  

Шу билан бирга, ҳунармандларни халқаро онлайн савдо платформалари ҳамда фейсбук, инстаграм ижтимоий тармоқлари билан ишлашга ўқитиш учун ўқув-семинар ва тренинглар ўтказиш бўйича дастур ишлаб чиқилди.    

“Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”га жами 215 нафар ҳунарманд киритилди ҳамда 51 та маданий мерос объектига жойлаштирилди. Бунинг натижасида ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган ҳунармандлар сони 1 минг 265 нафарга етиб, умумий ҳисобда 7,2 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилишга эришилди.  

“Ҳунарманд” уюшмаси томонидан жорий йилда уста-шогирд анъаналарини ривожлантириш орқали жами 33,2 мингта иш ўрни яратилди. Шундан 6,5 минг нафари уста ҳунарманд, 26,7 минг нафари шогирдлар хисобига тўғри келади.  

Жорий йил 6 ой давомида 100 дан ортиқ имконияти чекланган ҳунармандларга уюшманинг аъзолик бадали бўйича имтиёзлар берилди.  

–Давлатимиз раҳбарининг ҳунармандчиликни ривожлантиришга оид қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниши мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатининг ривожланиши, халқимиз бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчилик билан шуғулланишига кенг имконият яратиб берди, – деди Савдо-саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов. – Натижада ҳунармандчилик соҳасида мутлақо янгича муҳит пайдо бўлиб, аҳолининг ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиши ортди, уста-шогирд анъаналари ривожланди ва ҳунармандларни молиявий ва ташкилий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллашди. Ҳунармандчилик субъектларига кўплаб имтиёз ва преференциялар тақдим қилинди.  

Конференция давомида ташкилий масала кўриб чиқилди. Унга кўра, Расулжон Мирзааҳмедов “Ҳунарманд” уюшмаси раиси этиб сайланди.  Расулжон Мирзааҳмедов 1973 йил Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган. У шу кунга қадар “Ҳунарманд” уюшмасининг Фарғона вилояти бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган.  

Шунингдек, конференцияда субсидия масалалари, анъанавий уста-шогирд мактаблари ҳамда  грант лойиҳалари хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Конференцияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.  

Гулноза Бобоева,

ЎзА