Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Расул КУШЕРБАЕВ: Агар депутат бедор шахс сифатида қабул қилинмас экан у ўз миссиясини бажара олмайди
15:54 / 2019-11-04

Расул Кушербаев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.


Расул Кушербаев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати. Фаол депутат сифатида унинг бу йилги сайловларга муносабати қандай эканлиги билан қизиқдик. Қуйида саволларимизга унинг жавоблари билан танишасиз.

– Расул Хидралиевич, ҳар сафар сайловлар арафасида депутатликка номзодлар ва сайловчилар ўртасида парда бўлиб турувчи истиҳола ҳақида ўйлайман. Шу истиҳола парламентимиз ички муҳитида ҳам мавжуд. Демоқчиманки, бизда ҳозирча бор гапни қонун доирасида очиқ-ошкора айтиш маданияти шакллангани йўқ. Бундай вазиятда фуқаролик жамияти кутилган даражада ривожланмайди. Сизнингча, тилимизга тушов бўлиб турган мана шу истиҳоладан қандай қилиб халос бўлиш мумкин?

– Буни тилга тушов бўлиб турган истиҳола эмас, кўпроқ журъат масаласи деган бўлардим. Ҳар қандай масалани ечиш ёки уни олиб чиқишда даставвал уни қунт билан ўрганиш, етарлича асослар топиш зарур бўлади. Барчаси маромига етгач эса уни ўз вақти ва жойида кўтариб чиқиш керак. Агар шу ўринда кишида ҳайиқиш, ўз ўрни ёки лавозимидан айрилиб қоламан деган ҳадик билан оч қорним тинч қулоғим қабилида иш тутилиб, индамай қўйилса унга билдирилган ишонч ва меҳнат ҳам ҳавога сарф бўлади. Бу айниқса, депутатлик фаолиятида муҳим мезонга айланиши зарур. Журъат ва билим энг асосийси.

– Депутат Президент даъватидан сўнг уйғониши керакми ёки у ҳар доим уйғоқ, бедор бўлишга мажбурми? У қачон ўз миссиясини бир маромда бажаради ва бажармаган ишларидан хижолат тортади?

– Бу ҳар бир депутатнинг индивидуал ҳолда жавоб бериши керак бўлган савол...

Кейин яна бир гап депутатнинг ўз ишини бир маромда бажариши учун у ҳамкорликда ишлайдиган органлар ва масъулларда ҳам депутатни халқ вакили сифатида тан олиш кўникмаси пайдо бўлиши керак. Агар депутатни кўпчилик ташвишини ҳал қилиш илинжидаги бедор шахс сифатида қабул қилинмас экан у ўз миссиясини бажара олмайди.

– Шундай депутатлар борки, улар фаолиятлари давомида бирор марта бўлсин ижро ҳокимиятига таъсир ўтказолмайди, аниқроғи, бунга ҳаракат қилса-да, уринишлари бефойдалигини сезгач, қўл силташади. «Сен менга тегма, мен сенга тегмайман» қабилидаги вазиятни шакллантирувчи бу каби салбий ҳолатнинг охири борми? Халқимиз орасида ўз фикрини дадил айтувчи ШАХСлар бўлгани ҳолда улар нима учун депутат сифатида сайланмайдилар? Парламентимиздаги «жимлик»нинг сабаби шу жараёнга боғлиқ эмасми?

– Буни номзод кўрсатишга қонуний ҳаққи бўлган сиёсий партиялардан сўраш керак. Сиёсий партиялар номзодларга захирасини илгари суришда сиз айтган талабларга жавоб берадиган шахсларни шакллантиришга эътибор қаратиши лозим. Агар сиёсий партиялар фаол шахсларни сайланишини истамаса, «пассив» кишиларни номзод сифатида номигагина кўрсатади ва натижа ўзингизга маълум. Бунда партиялар устувор мақсадни аниқлаб олишлари кераклиги кўп нарсага боғлиқ.

– Ҳозирданоқ янги сайлов жараёнида кимларнинг номзоди депутатликка кўрсатилиши хусусида прогноз шамоли эса бошлади. Сезилиб турибдики, номзодларнинг аксарияти яна «послушний»лар бўлади, шекилли. Бундай бўлмаслиги учун партияларнинг съездлари қандай тартибда ўтиши керак деб ҳисоблайсиз? Зеро, янги Ўзбекистоннинг пойдевори янги сайловларга чамбарчас боғлиқ ва бу боғлиқлик депутатликка номзодни танлашда ўз ифодасини топади. Шундайми?

– Партияларнинг қурултой ва съездларни ўтказиши ўзлари мустақил белгилайдиган тартиб, бироқ қандайдир рўйхат ва ҳокимиятларнинг аралашуви деган гаплар ҳам йўқ эмас. Ҳар қалай шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, дейишади-ку. Бироқ шахсан ўзим бунга гувоҳ бўлганим йўқ.

Партиялар ўз позицияларида қаттиқ туриб, съезд иштирокчилари делегатлари ихтиёрига муносиб номзодларни тавсия этсалар, аъзолар қўллаб-қувватлашса керак. Фақат қатъият керак бунга.

– Президент Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг дастлабки йилларидаги парламент фаоллигига бир неча бор тўхталди. Нима деб ўйлайсиз: бу йил ўша руҳдаги янги парламент шаклланадими ва ўзининг жамият ва халқ ҳаётига жозибадор муносабати билан дунё жамоатчилиги эътиборига тушадими?

– Билмадим. Буни вақт ва сайлов натижалари кўрсатади. Бироқ мен кучли, ва ўзининг халқ истагандек ўрнига эга кучли парламент бўлишини жуда истайман. Токи одамлар парламентдан тўлиқ рози бўлишсин. Бироқ турли тахминлар қилгандан кўра, кузатсак аниқ натижани кўрамиз.

Санжарбек ҲАМИДОВ