Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рассомлик – расм чизиб, уни пуллаш билан бўлмайди, санъат асари яратиш керак
08:07 / 2022-06-01

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, академик, профессор, рассом Бахтиёр Назаров таваллудининг 80 йиллигига бағишланган «Танланган йўл» номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими ўтказилди. Унда таниқли рассомлар, Бахтиёр Назаровнинг яқин дўстлари, шогирдлари сўз олди. Ижодкорнинг мазмунли ҳаёт йўли, фаоллиги ва ташаббускорлиги ҳақида тўхталиб ўтилди.

Кўргазмада рассомнинг 100 га яқин рангтасвир асари ҳамда киноларга ишланган эскизлари, қораламалари намойиш этилди.

– Босиб ўтган умримнинг барини санъатга бағишладим, –дейди рассом Бахтиёр Назаров. –Бундан афсус чекмайман. Ризқимиз шунинг ортидан экан. Номимиз ижод ортидан танилди. Қолаверса, санъатда мақташга, эслашга арзигулик ишлар қилдик. Яхши рассом бўлиш учун аввало истеъдод, сўнг эса катта сабр керак. Ёш рассомларга сабр билан соҳани ўрган, истеъдодинг йиллар давомида кўзга кўринаверади, дейман. Шогирдларим орасида бугун таниқли рассомлар, санъатшунослар ва халқ рассомлари бор. Рассомлик расм чизиб, уни пуллаш дегани эмас, санъат асари яратиш керак. Кишиларга эстетик завқ бериш, тарихни суратларда акс эттириш, авлодларга нимадир қолдиришдек масъулиятли ва савобли ишдир. Мана шу юкни ҳис қилган инсон чинакам ижодкор саналади.

Ушбу кўргазмани шартли равишда қисмларга ажратиш мумкин. Улар: тарихий шахслар портрети, аёллар қиёфаси, ижодий сафарларда яратилган образ ва композициялар, кинематографияга тааллуқли асарлар ва эскизлардан таркиб топган.

Тарихий портретлар орасида асосан Бобур ва бобурийлар сулоласига мансуб шахслар ва шоира аёллар Нодирабегим ва Зебинисо, шунингдек, жасоратли Тўмарисни кўришингиз мумкин. Ижодкорнинг шоҳ асарларидан бири бўлган халқ севган, бетакрор актриса Лутфихоним Саримсоқова портрети аёлнинг ҳақиқий мадҳиясига айланган. Рассом Ҳиндистон, Хитой, Япония сингари давлатларда бўлиб, самарали ижод қилган. Бунда ҳам севимли образи аёлларга эътиборини кўпроқ қаратган.

Рассомнинг кино санъатига бахш этган умри алоҳида бир саҳифа, ўзга бир табиатни кашф этади. «Шум бола» ва «Машраб» сингари машҳур кинофильмларга ишланган ишлар ва эскизлар орадан неча йиллар ўтиб, яна томошабин билан юзма-юз бўлди.

Маълумот ўрнида Бахтиёр Назаров 1942 йилда Наманган вилояти, Нанай қишлоғида таваллуд топган. 1965 йилда П.Бенков номидаги Республика рассомлик билим юртини тугатган. 1965-1971 йилларда Бутуниттифоқ Давлат кинематография институтида Кино рассоми бўлимида таҳсил олган. 1971 йилдан буён «Ўзбекфильм» киностудиясида постановкачи рассом бўлиб ишлаб келмоқда. 1976 йилда у Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси аъзо бўлган. 1997 йил Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

 

Д.Маматова, ЎзА