Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлимида 52 нафар рассом бирикиб фаолият кўрсатади.
Улар мўйқалам тебратиб жонажон Ватанимизнинг гўзал манзаралари, тарихий шахслар, ҳаётий кўринишларни ўзига хос тарзда ифода этадилар. Қувончли томони шундаки, ёшлар орасидан уларнинг ўнлаб издошлари чиқяпти.
Кулолчиликда бадиий чизгилар алоҳида санъат ва мавзудир. Вилоятда, айниқса, Риштонда уста кулол рассомлар мактаби яратилди. Улар камалакранг чизгиларни буёқ ва игна билан сополда акс эттириб, ўлмас асарлар яратишмоқда.
Бугун Фарғонага Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари – рассомлар келишди. Мақсад, аввало, ўзаро тажриба алмашиш, қолаверса, рангтасвир ҳамда кулолчилик муаммолари ҳақида фикрлашиш эди.
– Бадиий ижодда қобилиятнинг ўзи етарли эмас, – дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси Любов Семирзорова. – Илҳомлантирувчи муҳит ва шароит керак. Фарғонада буларнинг ҳаммаси бор. Рассомларимиз Россия, Европа ва ҳатто Америка кўргазмаларида ҳам иштирок этишмоқда. Алишер Ҳамидов, Отабек Шокиров, Малика Болтаева каби рассомларни хорижда ҳам танишади.
Фарғона давлат университетида тасвирий санъат мутахассисларини тайёрловчи алоҳида йўналиш очилган.
[gallery-23856]
– Тасвирий санъат кафедрасининг 3 та йўналиши бор, – дейди ўқитувчи Аҳаджон Аъзамжонов. – Улар муҳандислик графикаси, дастгоҳли рангтасвир ва бадиий кулолчиликдир. Бу йўналишлар талабалари амалиётларда табиатга, тоғларга чиқишади. Келгусида дастгоҳлик рангтасвир талабалари профессионал рассом бўлишади. Ҳозирги кунда уларнинг сони 300 нафардан ортди.
Рассомларнинг ижодий мулоқоти Риштон, Марғилон ва Қўқондаги таниқли ижодкорлар устахоналарида давом этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/21o3cj1enX8" title="Rassomlar tajriba almashdilar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(сурат, видео), ЎзА