Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига бағишланган “Шарқона оҳанглар” деб номланган кўргазма ташкил этилди.
Кўргазмада мамлакатимиз тасвирий санъатининг дарғалари бўлиши билан бирга ўз ижодий услуби ва йўлига эга рассомлар Н.Холматов, Ш.Шоаҳмедов, У.Қосимов, М.Собиров, Б.Ҳожиметов, Р.Тўхтаев, Ғ.Отабоев, Д.Пўлатова каби ижодкорлар билан бир қаторда Р.Алибоев, Б.Дедашев, Ш.Орифбоев, С.Жалилова, Д.Ҳошимова, Н.Аҳмадалиева каби ёш миниатюрачи рассомларнинг ижоди билан танишиш мумкин.
[gallery-15826]
Кўргазма экспозициясида мумтоз йўналишдаги миниатюра ва наққошлик асарлари, шунингдек, миниатюра анъаналарига таянган ҳолда янги услуб ва йўналишдаги ижодий асарлар ҳам намойиш этилмоқда. Бундан ташқари компьютер технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда миниатюра асарларини ишлаш бўйича видео дарслар, анимацион лойиҳалар ҳам ўрин олган.
Эътиборга молик жиҳати, кўргазмада намойиш этилаётган асарлар XV-XVI асрлар мумтоз миниатюраси, ноанъанавий, дастгоҳли миниатюра каби турли йўналиш ва услубларда ишланган. Рассомларнинг асарларида тарихий, маиший, замонавий мавзулардаги композицияларни кўриш мумкин. Бу бадиий асарлар қоғоз, тошқоғоз, тери, мато, ёғоч, лакли паннолардаги катта ва кичик ҳажмдаги композицияларда ўз аксини топган.
Н.Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА