Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Расмлар кўргазмаси
18:58 / 2024-02-13

Самарқандда ўтказилаётган БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенцияси иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши (CMS COP14) доирасида Самарқанд шаҳридаги “Буюк ипак йўли” санъат саройида “Кўчиб юрувчи ноёб ҳайвонот олами” номли расмлар кўргазмаси очилди.

Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, форум қатнашчилари иштирок этди. 

Ташкилотчилар мазкур ижодий пленердан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон “Қизил китоби”га киритилган ноёб кўчманчи жониворларга меҳр-муҳаббат туйғусини кучайтириш, мамлакатимизнинг ноёб табиий меросини намойиш этиш, ёш авлоднинг экологик маданияти ва онгини юксалтиришга қаратилганини таъкидлади.

Кўргазмада Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бадиий академия ва Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳамкорлигида шу йилнинг январь ойида ташкил этилган пленер натижасида сараланган 40 нафар ёш рассомнинг 100 га яқин расми намойиш қилинмоқда. Улар орасидан энг яхши ижодий ишлар нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан танланиб, муаллифлар пул мукофотлари билан тақдирланиши белгиланган.

Кўргазма бир ой давомида маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар учун очиқ бўлади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари