Ҳуқуқий муносабат
Оллоҳ ер юзидаги инсон наслининг давомли бўлишига никоҳни шарт ва сабаб қилган. Уни янада мустаҳкамлаш мақсадида қонунчиликда расман никоҳдан ўтиш белгиланди. Диний расм-русумларга биноан никоҳ тузиш қандай ҳуқуқий аҳамиятга эга? Бундай никоҳда уларнинг мулкий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда юзага келадиган муаммолар нимада?
Никоҳ ва оила тушунчаси Конституция ва қонунларимизга ҳам киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги мақоми қатъий белгилаб қўйилган. Оила кодексининг 13-моддасига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслиги белгиланган.
Ушбу никоҳ асосида эр-хотиннинг никоҳ муносабатларига киришиб оила қуриши ўзлари учун айрим ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқарса, баъзи ҳуқуқларини амалга оширишда тўсқинликлар келтириб чиқаради.
Аввало оилада фарзанд туғилиши билан ота-она бўйнига бирдек масъулият юкланади. Оила қонунчилигига кўра, ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгарлиги, улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгиланган. Ушбу мажбуриятларни бажармаганлик оқибатида низо келиб чиқса, биринчи навбатда судларда бола манфаатларидан келиб низолар ҳал этилиши ҳуқуқий аҳамиятлидир. Бунда эр-хотиннинг қонуний никоҳда ёки шаърий никоҳда эканлиги ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.
Масалан, оила қонунчилига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуқга эга эканлиги, ота-оналар бошқа шахслар олдида болаларини шахсан тарбия қилишда устун ҳуқуқга эгалиги ва болаларини қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турган ҳар қандай шахсдан қайтарилишини талаб қилиши, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши, ота-оналик мажбуриятини бажармаган тақдирда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш ва ҳоказо.
Диний расм-русумларга биноан никоҳ тузишнинг ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслиги уларнинг мулкий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда юзага келадиган муаммоларда кўринади.
Масалан, никоҳ давомида орттирилган мулкларини бўлиш, мерос масаласи, боқувчиси вафоти натижасида кўрилган зарарни ундириш каби ҳуқуқлари суд тартибида ҳал этилгандан сўнг вужудга келади.
Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади. Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.
Диний расм-русумларга биноан никоҳ тузган шахслар эр-хотин ҳисоблансада, улар қонуний никоҳда бўлмаганлиги боис, уларнинг мулкий ҳуқуқлари судлар томонидан умумий мулк ҳуқуқидаги улушлари дорасида аниқланганидан кейин амалга оширилиши мумкин.
Шу боис, оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилиши лозим.
Соҳиб Рахимов,
Сурхондарё вилоят суди судьяси