Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 414-сонли мактабгача таълим ташкилотида содир бўлган ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди.
Унда келтирилишича, жорий йилнинг 27 март куни 414-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 4-гуруҳ тарбияланувчиси Х.С.нинг онаси Х.Н. гуруҳ тарбиячиси томонидан фарзандига қўполлик қилгани тўғрисида мурожаат қилган.
Фуқаро мурожаатида тарбиячи И.С. кундузги машғулот вақтида фарзанди йиғлаб бақирганлиги учун болага қўл кўтарганини, натижада фарзандининг қўлида кўкарган бармоқ излари пайдо бўлганини айтган ва ташкилот раҳбаридан камера ёзувларини очиб беришини талаб қилган. Камера ёзувларидаги видео тасвирларда боласига тарбиячи томонидан қўполлик қилинганлигини кўриб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилишини ва ДМТТ маъмуриятидан тарбиячига нисбатан тегишли чора кўрилишини талаб қилган. Шу вақтнинг ўзида тарбиячи И.С. ота-оналарнинг олдига чақирилиб ундан изоҳ талаб қилинган. Тарбиячи болага нисбатан ўта қўпол педагогга хос бўлмаган муносабатда бўлганини тан олган ва ота-онадан кечирим сўраган. ДМТТ директори Г.Х.С. ота-оналардан кечирим сўраб, маъмурият томонидан назорат сусайганини, шу кунга қадар бундай ҳолат ҳеч қачон кузатилмаганини таъкидлаб ўтган.
2024 йилнинг 29 март куни мазкур нохуш ҳолат барча ходимлар иштирокида муҳокама қилинган.
Қарор йиғилишига асосан тарбиячи С.И.га нисбатан интизомий чора кўрилиб, 2024 йил 1 апрелдан 414-ДМТТ нинг 28-14-206-сонли буйруғи билан тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ушбу ҳолат туман прокуратураси томонидан ўрганилмоқда, дейилади Мактабгача таълим агентлигининг расмий муносабатида.
ЎзА