Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Муборак иссиқлик электр маркази”да пахта терими учун пул йиғиш бўйича топшириқ берилгани ҳақида хабар тарқалди.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:
“Мазкур мурожаат зудлик билан ўрганилди ва марказда бундай ҳолат мавжуд эмаслиги, ишчи-ходимлардан ҳеч қандай пул йиғиш ҳамда мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳаракат йўқлиги маълум бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаймизки, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ коррупцияга қарши муросасиз курашиш, ишчи-ходимларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон шаъни ва обрўсини эъзозлаш ҳамда соҳа мутахассисларининг мажбурий меҳнатга жалб этилишининг олдини олишни ўзининг бош мақсади деб ҳисоблайди.
Шу мақсадда, барча тизим корхоналари масъул раҳбарларига ушбу қадриятларга сўзсиз амал қилиш ҳамда ишчи-ходимларнинг қонуний манфаатларига путур етказмасликни сўрайди. Агар ноқонуний ҳолатлар кузатилган тақдирда, масъулларга нисбатан қатъий жавобгарлик белгиланган", дейилади муносабатда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА