Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Расмий муносабат: Лифтлар 3-чорак якунига қадар янгисига алмаштирилади 
12:33 / 2024-09-04

Жорий йилнинг 8 июль куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида Сергели туманининг 8-мавзеси Соҳибқирон маҳалласи 71- кўп квартирали уйда яшовчи фуқаролар номидан йўлланган мурожаат асосида “Мутасаддилар диққатига: муаммолар ким томонидан, қачон бартараф этилади?” сарлавҳали танқидий видеомақола эълон қилинди.

Видеода юқорида кўрсатилган манзилдаги кўп қаватли уйнинг ертўласидаги қувурлар ёрилиб, намгарчиликдан чивинга тўлиб бораётгани, аҳоли эски лифтда тез-тез қамалиб қолаётгани, таъмирталаб том ва бошқа муаммолар ёритилган

Орадан кўп вақт ўтмай, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси томонидан ЎзАга расмий муносабат билдирилди. 

Унда баён қилинишича, Сергели туман ҳокимлигининг мутасадди ходимлари ҳамда “AVA” МЧЖ Бошқарув-сервис компанияси иштирокида 71-кўп квартирали уй билан боғлиқ муаммолар бартараф этилган. 

Шу билан бирга, мурожаатда кўрсатилган манзилдаги лифт мосламасини янгисига алмаштириш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 июндаги № 376-сонли қарорига мувофиқ, Сергели туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган манзилли дастурга киритилгани ҳамда лифтларни янгисига алмаштириш ишлари бюджет маблағи ҳисобидан амалга оширилиши келтириб ўтилган. 

Расмий муносабатга шунингдек, “AVA” МЧЖ Бошқарув-сервис компанияси томонидан тузилган далолатнома ҳамда Сергели тумани ҳокимлиги мутасадди ходимлари томонидан тақдим этган суратлар илова қилинган. 

Мурожаатни ўрганиш асосида тузилган (2024 йилнинг 7 август санасида) далолатномада келтириб ўтилишича, 71-уйнинг ертўла қисмида тозалаш ишлари олиб борилиб, оқова сув қувурлари янгиланган, кран вентеллари янгиланган. Шунингдек, жорий йилнинг 3-чораги якунига қадар 71-кўп квартирали уйнинг лифти янгисига алмаштирилиши маълум қилинган. 

ЎзА бу маълумотни янада тасдиқлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги кўп хонадонли уйларни таъмирлаш бўйича буюртмачи инжиниринг компанияси ходими билан боғланди. 

Ўзини Зафар дея таништирган масъул ходим “манзилдаги лифтнинг ҳолати бўйича аввалроқ маълумот келиб тушмагани, акс ҳолда муаммо ўз вақтида бартараф этилиши мумкинлиги, 71-кўп квартирали уйнинг лифти эса жорий йилнинг сентябрь ойида янгисига алмаштириб берилиши”ни тасдиқлади. 

ЎзА белгиланган муддат ниҳоясига етгач, муаммонинг нечоғлик бартараф этилгани ҳолатини жойига бориб ўрганади ва натижани ёритади. 

P/S: Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Тошкент шаҳар уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси томонидан билдирилган расмий муносабатда ва унга илова қилинган далолатномада ҳам мазкур кўп квартирали уйнинг таъмирталаб томи қачон янгиланиши бўйича ҳеч нима дейилмаган. Том таъмирланмай келинаётгани сабабли чакки томиб, чердакдаги лифтнинг асосий бошқариладиган қисмида очиқ ҳолатда турган электр симларга хавф солиб турибди. Аҳолининг айтишича, мослама 380 вольтли электр токида ишлайди ва унга ёмғир томиб, туташув содир бўлиши натижасида лифтда носозлик юзага келиб, тўхтаб қолади.  

М.Эшмирзаева, ЎзА