Ижтимоий тармоқларда «Фаренгофорте» савдо номидаги спрей ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ турли видеолар тарқалмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси ушбу маҳсулот юзасидан қуйидагиларни маълум қилмоқда.
“Дори воситаси эканлиги айтилаётган «Фаренгофорте» савдо номидаги маҳсулот аслида дори воситаси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат берилмаган.
Шу муносабат билан, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублигидан, мулкчилик ва бошқарув шаклидан қатъий назар) барча ташкилотлар ва юртдошларимизни огоҳликка чақириб, «Фаренгофорте» маҳсулотини реализация қилмаслигини сўрайди.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти» тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади”, дейилади Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази билдирган расмий муносабатда.
ЎзА