Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Расмий муносабат: 285 нафар қизамиқ билан касалланган беморнинг 62 фоизи 1 ёшгача бўлган, 25 фоизи 1-3 ёшли болалардир
15:58 / 2023-11-25

Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга кўра, Наманган вилоятида қизамиққа чалинган болалар сони кескин ортиб бормоқда. Хабарларга кўра, ҳар ўн нафар боланинг 9 таси уй шароитида, оғир аҳволдаги беморларгина шифохонада даволанмоқда. Шунга қарамай, шифохоналарда жой етишмаяпти, соҳа масъуллари эса бор вазиятни бекитмоқда.

Хўш, бу хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Вилоятда қизамиқ касаллиги билан боғлиқ эпидемиологик вазият қандай? 

Шу саволлар билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизматига мурожаат қилганимизда қуйидагиларни маълум қилди:

– Вилоятда қизамик касаллиги билан гумон қилинган беморларни стационар даволаш учун 340 шифо ўрни ташкил этилган. Бундан 240 шифо-ўрни вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, 100 шифо ўрни вилоятнинг Бешкапа болалар сиҳатгоҳида ташкил этилган.

Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 240 ўринда 235 нафар бемор даволанмокда, 5 та шифо-ўрни захираси мавжуд, Бешкапа болалар сиҳатгоҳида 100 ўринда 2 ёшдан юқори беморлардан 20 нафари даволанмокда, 80 шифо-ўрни захираси мавжуд. Ҳозирги кунда вилоятда жами 85 шифо-ўрни захираси бор, 285 нафар беморнинг 62 фоизи 1 ёшгача бўлган, 25 фоизи 1-3 ёшдаги болалардир. Бугунги кунда вилоятда диагностикум, реагент ва вакциналарнинг етарли миқдорда заҳираси яратилган.

Вилоятга 9500 доза қизамиқ-қизилча вакцинаси берилган бўлиб, жами 1936 нафар бола эпидемиологик кўрсатма асосида қизамиқ касаллигига қарши вакцина билан эмланган. Ҳозирда даволаш профилактика муассасалари эмлаш хоналарида 310 доза қизамиқ-қизилча вакцинаси захираси мавжуд.

2023 йилнинг 10 ойи давомида вилоят бўйича жами 735 та қизамиқ касаллиги лаборатория текширувида тасдиқланган.

Расмий муносабатда таъкидланишича, жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ҳисобидан 3 млн. доза қизамиққа қарши вакциналар харид қилинди. Ушбу вакциналар эпид кўрсатма бўйича эмланадиган қатлам, маълум сабабларга кўра эмлашдан қолиб кетган болалар ҳамда хавф гуруҳига кирувчи, қизамиқ касали бўлган бемор билан мулоқотда бўлган 6 ойдан 5 ёшгача бўлган болаларни эмлаш учун мўлжалланган ва айни вақтда ҳудудларга тарқатилмоқда.

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА