Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
РАСМИЙ МАЪЛУМОТ: Барча тиббиёт муассасаларида электр узлуксизлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда
20:50 / 2022-01-25

Бугун мамлакатимиз бўйлаб электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилди.

Ҳозирда юртимиздаги барча тиббиёт муассасалари, хусусан, улардаги реанимация бўлимлари, туғуруқ комплекслари ва коронавирусга ихтисослашган шифохоналарда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда электр таъминотида узилишларнинг олдини олишга қаратилган зарур чоралар кўрилмоқда.

Жумладан, Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарида ҳам электр узлуксизлигини таъминлаш мақсадида дизель генераторлари ишлаб турибди. Бунда шифохонада даволанаётган оғир ва ўта оғир аҳволдаги беморларга уланган тиббий жиҳозларнинг фаолияти давомийлигини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган.

Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазири бошчилигидаги масъуллар ушбу муассасаларда бўлиб, вазиятни назоратга олган.

Электр энергияси таъминотида юзага келган носозликлар сабабини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси саъй-ҳаракати билан Зангиота юқумли касалликлар шифохоналари босқичма-босқич электр энергияси билан тўлиқ таъминланмоқда.

Шунингдек, республикамиздаги қолган барча тиббиёт муассасаларида ҳам дизель электр манбаи ўрнатилган бўлиб, ҳар бир шифохонада электр таъминоти учун 24 соат навбатчилик ташкил этилган. Улардаги вазият вазирлик марказий штаби томонидан туну кун мувофиқлаштириб турилибди.

Ҳурматли юртдошлар!

Агар сизда мазкур ҳолат бўйича мурожаатлар бўлса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги 1003 қисқа рақамли Call-маркази ҳамда вазирлик марказий штабининг 71-241-15-01 телефон рақамларига кунига 24 соат давомида қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Матбуот хизмати.