Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Расмий даромади етарли бўлмаган фуқаролар ҳам ипотека кредити олиш имкониятига эга бўлади
12:34 / 2023-04-06

Муносабат

Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 2023 йилги Давлат дастури доирасида “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмларини 1,6 бараварга ошириб, 90 мингга етказиш белгиланган.

Хусусан, янгидан қурилган уй-жойларни 32 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари тартибида, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун давлат бюджетидан етарли маблағларни йўналтириш орқали ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури амалга оширилиши белгиланган эди.

Куни кеча давдатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида янги уй-жойлар қурилиши ва 2023 йилги ипотека дастури бўйича олиб борилаётган устувор вазифалар муҳокама қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, йиғилишда 2017 йилдан буён 326 мингта янги уй-жойлар фойдаланишга топширилгани, бу даврда уй-жой билан таъминлаш даражаси аҳоли жон бошига 18 фоизга ошганлиги таъкидланди. Шу билан бирга, сўнгги уч йилда банклар томонидан 210 минг оилага 33 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Эҳтиёжманд 73 минг оилага бошланғич бадал ва фоиз тўловлари учун 1,3 триллион сўм субсидия берилган.

Йиғилишда бу борада бошланган ишларни самарали давом эттириш мақсадида аҳоли ва қурувчилар учун 4 та йўналишда янги енгиллик ва имкониятлар яратиб берилиши маълум қилинди. Хусусан, кўпроқ аҳолини уй-жой олиш имконияти билан қамраб олиш мақсадида жорий йил 1 майдан бошлаб, расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилади. Бунда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинади. Дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаролар эса, банкдан арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлади.

Бундай тизимнинг жорий қилиниши яна минглаб оилалар учун Ватан ичра Ватан бўлмиш ўз хонадонларига эга бўлиш имконини беради. Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлашга қаратилган яна бир муҳим лойиҳа бу – “Менинг биринчи уйим” дастуридир. Ушбу дастурни амалга ошириш учун Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 36 гектар ер майдонида 58 та кўп қаватли уй, ижтимоий муассасалар, кўнгилочар масканлар қурилади.

Шунингдек, қурилиш таннархини пасайтириш учун ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда 2025 йилга қадар божхона божи бекор қилинади. Юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзи яна 1 йилга узайтирилади. Бунинг ҳисобига уй-жой қуриш таннархи яна 5 фоизгача пасаяди.

Албатта, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондиришда қуриб фойдаланишга топширилаётган уйларнинг сифати ҳам муҳим саналади. Айниқса, сўнгги ойларда дунёда ҳамда минтақамизда кузатилаётган сейсмик фаоллик бу борадаги сергакликни янада оширишни тақозо этмоқда.

Эндиликда, янгидан барпо этилаётган уйларни сифатини назорат қилишга ҳам алоҳида этибор қартилади. Шу билан бирга, янги массивлардаги муаммолардан бири – парковкалар масаласи ҳам ҳал этилади. Бунда, уй-жой ҳамда ижтимоий ва савдо объектларини лойиҳалаштириш ва қуришда автотранспорт воситаларининг тураргоҳлари, шу жумладан, кўп қаватли ва ерости автотураргоҳлар мажбурий равишда барпо этилиши таъминланади.

Хулоса қилиб айтганда, йил якунига бориб юз мингга яқин оила ўз келажагини янги ва замонавий хонадонларда режалаштириш имконига эга бўлади. Бу ўз навбатида, фуқароларимизда бугунги ислоҳотлардан мамнунлик ҳисси шаклланишига, мамлакатимизнинг эртанги тараққиётига нисбатан дахлдорлик ҳисси ортишига олиб келади.

Музафара АБДИЕВА, 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА