Шарқ мумтоз адабиёти инсон таълим-тарбиясидек энг мураккаб вазифани бажаради. Шу сабабдан мумтоз адабиётимизнинг бебаҳо асарларига қизиқиш янада ортиб, тадқиқ этиб борилмоқда.
Маданий мерос
Жаҳон маданияти ва фани тараққиётига ўз ижоди билан улкан ҳисса қўшган аждодларимиздан бири Фахруддин Алий Сафий бин Ҳусайн Воиз Кошифийдир. Унинг ижоди дунёвий ва диний илмларнинг турли соҳаларини қамраб олганлиги билан аҳамиятли.
Фахруддин Алий Сафий асарлари, хусусан, унинг «Рашаҳот айну-л-ҳаёт» («Ҳаёт булоғи томчилари») асарида юксак фазилатларга эга бўлган инсонни тарбиялаш, ёшларни соғлом эътиқод ва маърифат орқали кенг фикр-мулоҳаза ва тафаккурга, пок ахлоққа тарғиб қилиш ғоялари ўз ифодасини топган. Шу нуқтаи назардан, шоир ва олимнинг илмий-адабий меросини тадқиқ этиш, тасаввуфий мавзуни қандай, қайси манбалар асосида ёритгани, эътиқодининг асосини, ички дунёсининг мазмун-моҳиятини унинг бадиий ва диний асарлари асосида очиб бериш долзарбдир.
Ўзбекистонда ҳозиргача Мавлоно Фахруддин Алий Сафий ҳаёти ва ижоди, унинг илмий адабий-мероси ҳақида биронта ҳам йирик махсус тадқиқот йўқ. Фақатгина Алий Сафийнинг «Рашаҳот айну-л-ҳаёт» (Ҳаёт булоғи томчилари) номли асарининг тошбосма-литографик нашрларидан манбашунос олимларимиз ва адабиётшуносларимиз ўз илмий тадқиқотларида истифода қилишган, холос.
Феруз - Муҳаммад Раҳимхон II (1845–1910) хонлик қилган даврда Домла Худойберган Бекмуҳаммад ўғли томонидан «Рашаҳот айну-л-ҳаёт»нинг 1879 йилда қилинган таржимаси замонавий жорий алифбога манбашунос олимлар томонидан табдил этилди ва у 2003 ва 2004 йилларда икки марта нашр бўлди.
Мазкур илмий-оммабоп нашрга асарнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар асосий фондида мавжуд, XIX асрда кўчирилган ягона нодир қўлёзма нусхаси асос қилиб олинган. Ушбу нашр мазкур асар матни бўйича ҳозирги кунда Ўзбекистонда амалга оширилган ягона йирик ишдир.
Ҳозир ушбу асарнинг Тошкент ва хориж қўлёзма фондларидаги нусхаларининг матний тадқиқи устида иш олиб бориляпти. Мазкур тадқиқотдан асосий мақсад – Фахруддин Алий Сафийнинг илмий-адабий меросини аниқлаш, шу асарнинг жами 135 та қўлёзма, 7 та тошбосма нусхасини ва охирги беш юз йил мобайнида араб, ўзбек ва усмонли-турк тилларидаги таржималарини ҳам қиёсий-текстологик тадқиқ этиш, мазкур асарнинг тасаввуфий манба сифатида мумтоз адабиётимиз тарихида тутган ўрнини ёритиб беришдан иборат.
Тадқиқот давомида мазкур асарнинг манбашунослар назаридан четда қолиб келган юртимиз ва хориж кутубхоналарида мавжуд жами 135та нусхаси мавжуд экани аниқланди. Асарнинг мазкур нусхалари тўлиқ тавсифланди ва илмий муомалага киритилди.
Фанлар академияси Давлат адабиёт музейи фондида сақланаётган энг қадимий, ноёб қўлёзма «Рашаҳот айну-л-ҳаёт» асарининг автограф нусхасининг топилиши эса, шубҳасиз, энг катта илмий аҳамиятга молик воқеа бўлди. Энди шу асар матнини ва, умуман, ундаги маълумотлар билан кейинги даврларда китобат қилинган асар нусхаларини мазкур автограф нусха асосида текшириб чиқиш имконияти мавжуд.
Эндиликда ушбу асарнинг матни устида чуқурроқ тадқиқотлар олиб бориляпти. Тадқиқот натижалари кенг илмий жамоатчиликни Алий Сафийнинг Хожагон тасаввуфи ва тариқати мавзусидаги «Рашаҳот айну-л-ҳаёт» асари билан яқиндан танишишга, уларга Хожагон тариқати нақшбандия сулуки таълимоти талқинига асосланган адабий манба моҳиятини кенгроқ ва чуқурроқ тушунишга йўл очади.
Тадқиқотлар натижаларининг илмий аҳамияти аниқ, ижтимоий-гуманитар фан соҳалари тарихи, адабий манбашунослик ва матншунослик йўналишида илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, диний-маърифий ва тасаввуфий мавзудаги асарларни яхлит ва атрофлича таҳлил этишда муҳим ўрин тутиши билан белгиланади.
Баҳриддин Умурзоқов,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори.
ЎзА