Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рашад Маҳмудов: Ўзбекистон Марказий Осиёда порлаётган юлдузга ўхшайди (+видео)
21:58 / 2023-08-23

Муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи доирасида Фузулий шаҳрида барча шароитга эга замонавий мактаб тантанали очилди.

Мустаҳкам дўстлик ва биродарлик ифодаси сифатида мамлакатимиз етакчиси 2021 йил 31 март куни бўлиб ўтган Туркий кенгашнинг норасмий саммитида Ўзбекистон Қорабоғ заминидаги ёдгорликлар, маданият ва маърифат масканларини қайта тиклашга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини таъкидлаган эди.

Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қурилиши Президентимиз ташаббусининг амалий ифодаси бўлди.

Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактабда 40 та синфхона, 6 та лаборатория, 2 та информатика хонаси, 5 та функционал ўқув хонаси, мажлислар ва спорт заллари, ошхона, кутубхона мавжуд. Футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун жойлар, югуриш йўлаклари ташкил қилинган.  

– Мамлакатларимиз ҳаётидаги муҳим воқеанинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Боиси, Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланганидан кейин илк давлат ташрифини Озарбайжонга амалга оширди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ёрқин намунасидир, – дейди Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлисининг Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси, профессор Рашад Маҳмудов. –  Олий даражадаги учрашувлар ўтказилиб, икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Бундан ташқари, Озарбайжон ва Ўзбекистон ижтимоий ҳаётида яна бир муҳим воқеа – бугун Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги 1-умумтаълим мактаби очилди. Бу хайрли иш учун Озарбайжон халқи номидан миннатдорлик билдираман.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/v1gqjZiqBqA" title="Рашад Маҳмудов: Ўзбекистон Марказий Осиёда порлаётган юлдузга ўхшайди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Ушбу муассасанинг ташкил этилиши Озарбайжон халқи учун жуда муҳим, чунки Қорабоғ масаласи қалбимизда из қолдирган. Қардош Ўзбекистон биринчи бўлиб Фузулий вилоятини тиклашда бевосита иштирок этиш истагини билдирди. Мактабнинг буюк ўзбек олими Мирзо Улуғбек номи билан юритилиши ёрқин ва аҳамиятли воқеага айланди.

Ҳар бир ўқувчининг қалбида бошланғич синфданоқ қардош Ўзбекистон Озарбайжоннинг тарихий яхлитлигини тиклаш йўлида мардонавор қўллаб-қувватлагани сақланади.  

Мен Ўзбекистонга беш марта борганман. 2016 йилга қадар тўрт маротаба, охирги марта эса икки ой аввал бўлдим. Шу ўринда Ўзбекистонда кейинги 5-6 йил ичида жуда катта ўзгаришлар бўлганига гувоҳ бўлдим, бу бизни қувонтиради.

Ўзбекистон Марказий Осиёда порлаётган юлдузга ўхшайди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатингиз ёрқин келажак сари дадил қадам ташламоқда. Биз дўст Ўзбекистоннинг муваффақиятларидан доимо хурсанд бўламиз.

ЎзА мухбири Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.