English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Рақсга бахшида умр
18:28 / 2021-12-22

Ҳозирги кунда ўзбек миллий рақс санъати ва хореография педагогикаси соҳасида бир қатор элга танилган устоз санъаткорлар – балетмейстерлар, хореографлар, рақс жамоалари раҳбарлари, раққоса ва раққослар самарали фаолият юритиб, “устоз - шогирд” анъаналарини давом эттириб келишмоқда.

Улар ёш авлодга анъанавий рақс санъати намуналарини ўргатиб, истеъдодли йигит-қизларга маҳорат сирларидан сабоқ беришмоқда. Шундай жонкуяр устоз, санъаткор, соҳанинг етук мутахассиси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик” ордени соҳибаси, Ўзбекистон давлат хореография академияси профессори, бир неча ўқув қўлланма ва дарсликлар муаллифи Ўғилой Муҳамедова билан дилдан суҳбатлашдик. 

— Ҳар бир инсон ўзи қизиққан соҳасини, касбни танлаётганда, ўша соҳадаги ўзи учун идеал бўлган инсонга ҳавас билан қарайди. Сизда бу ҳолат қандай кечган?

– Бизнинг уйимиз Островский яъни Пионерлар саройи олдида бўлган. Болалигимдан тенгқур қизлар билан Пионерлар саройи ҳовлисига бориб ўйнар эдик. 5-6 ёшимда саройнинг ёзги саҳнасида 3-4 тача қизалоқларга ёши катта аёл рақс ҳаракатларини кўрсатиб сабоқ бераётганига гувоҳ бўлганман. У аёл Иффат Раҳмонқулова эди. Биздан “рақс ҳаракатларини ўрганишни хоҳлайсизларми”, деб сўрадилар. Биз ҳаммамиз хурсанд бўлиб саҳнага югуриб чиқдик. Ҳаммани биттадан рақсга тушириб ҳаракатларимизни кўрди ва мендаги рақс ҳаракатларини кўриб, шу тўгаракка келиб қатнашишим мумкинлигини айтди. 

5-синфни тугатгач, ёзги таътилда рақс тўгарагига қатнаша бошладим. Бир куни биз таҳсил олаётган Пионерлар саройига Хореография билим юрти директори Рафиқ Султонов ташриф буюрди. Рақс тўгарагида таҳсил олаётганлар 6 та қиздан иборат “Помирча” рақсини ижро этдик. Шундан сўнг, директор тўгарак аъзолари билан суҳбатлашдилар ва алоҳида иқтидорга эга 3 нафар қизни танлаб олдилар. Буларнинг ичида мен ҳам бор эдим. Рафиқ Султонов менга “Сен албатта, Хореография билим юртига бориб, малакали ўқитувчилардан таҳсил олгин” дедилар.  

Хореография билим юртига ўқишга қабул қилиндим. Ўша даврларда ўзбек хонадонларида тарбияланётган қизларнинг хореография билим юртида ўқишини маҳалла-кўй тўғри қабул қилмаган. Шу сабабли хореографияга қирганимни онам отамга айтиб, розиликларини олишимда менга ёрдам берганлар ва рақс санъатида юксак чўққиларга эришишимга ишонч билдирганлар. Хореография билим юртида таҳсил олаётган пайтларим устозларим бошқа қизларнинг хатосини тушунтирганда мен ўзимнинг хатоларимни тезда тузатишга ҳаракат қилардим. 

Бизнинг оиламизда ҳеч ким санъат соҳасида фаолият юритмаган, лекин рақс санъатига бўлган меҳрим мени шу соҳага етаклади. Раққоса рақс ижро этаётганида мусиқани юраги билан ҳис қилиб ундаги куйни, оҳангни, нолани эшитиб, тинглаб, ҳис қилган ҳолда томошабинларга етказиб бериши керак.  

“Баҳор” ансамблидаги 20 йиллик фаолият давомида ҳар доим чет давлатларида бўлганимизда Ватанимни жуда соғинардим. Ватанга, оиламга бўлган соғинчимнинг ҳаммасини рақсда ижро этардим. Ҳар бир рақсни ижро этганимизда либосларимиздан тортиб ҳаракатларимиз, иқтидоримизга бутун дунё лол қоларди. Рақслардаги нафислик, бетакрор ҳаракатлар, жўшқинлик бутун зални ларзага солар эди. Биринчи устозим Иффат Раҳмонқуловадан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, етук раққоса бўлишимдаги хизматларидан бениҳоя миннатдорман. 

– Сиз бутун ҳаётингизни шу соҳага бағишладингиз. Қанчадан-қанча ёш йигит-қизларга таълим беряпсиз. Ютуқлар кўп. Аммо ҳануз раққосага ўйинчи деб қарайдиганлар, атайдиганлар бисёр. Умуман раққоса билан “ўйинчи” атамасига муносабатингизни билмоқчи эдим. Аслида профессионал раққоса қандай бўлиши керак? 

– Саволингиз жуда ўринли. Бу жиҳат бизни ҳам бироз қийнайди, ҳам ўйлантиради. Профессионал раққоса билан “ўйинчи”нинг фарқи жуда катта. Рақс соҳасида маълумотга эга бўлмаган, тўйларда отарчининг  олдига тушиб ўйнайдиган, турли мақомга йўрғалайдиган, ўзини “раққоса” мақомига тенглаштирадиган айрим тоифадаги инсонлар борки, соҳанинг етук мутахассислари, билимли раққосаларнинг номига доғ туширади.

Раққоса бўлишнинг ўзига хос қийинчиликлари бор. Халқимиз орасида  “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган нақл ҳақиқатга яқин. Бу мақолнинг тагида жуда катта маъно бор. Негаки, ҳар бир касбда устоз-шогирд анъаналари бўлмас экан, соҳа ривожланмайди, ўсиш бўлмайди. Шунинг учун биз битта кўришда “ўйинчи” билан раққосани дарров ажрата оламиз.  

Раққоса устоз кўрган бўлади. Рақс санъати соҳасининг етук мутахассисларни тайёрлайдиган, тарбиялайдиган улуғ даргоҳда таҳсил олган йигит-қизлар жонкуяр устозларнинг сабоғини олади, илмини ўрганади. Турли йўналишларда хореография илмини берадиган ўқитувчилардан, айниқса, мумтоз рақс сабоқларини ўргатувчи устозлардан станок олдида қандай туриш кераклигини, гавдани қандай тутишини, кўз қарашларидан тортиб, оёқларни қандай чиройли ушлаши кераклигини, ўзбек рақс ўқитувчисидан эса умуман бошқача, қўлларни қандай ҳаракатлантириш, қўлни айлантирганда қайси бармоқ ишлаши бўйича сабоқ олади. Бу жуда катта куч, сабр, маҳорат, ҳаракат талаб қилади. Профессионал раққоса билан “ўйинчи”нинг фарқ мана шунда.

– Ўзбек рақс санъатининг дарғалари Тамарахоним, Уста Олим Комилов, Мукаррама Турғунбоева каби устозларимиз яратган мумтоз рақсларни бутун дунё тан олган, десак адашмаган бўламиз.  
 
– Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Мукаррама Турғунбоева, Тамарахоним, Уста Олим Комиловларнинг санъатларини бутун дунё тан олган. Улар бу санъатининг серқирралигини моҳирона билан ижро этишган. Яқин-яқин ўтмишимизда ўзбек хонадонларида “ичкари ҳовли” ва “ташқари ҳовли” тушунчалари мавжуд бўлган. 1920 йилларда “ичкари ҳовли”да  аёлларимиз рақсга тушишган. Улар ичидаги дардларини ашула, лапарларда айтиб, рақслар орқали намойиш этишган. У пайтлари аёллар халқ, омма орасида рақсга тушишмаган.

Биз яхши биламизки, Ҳалимахон, Нурхонлар акалари томонидан ўлдирилган. Кейинчалик аёлларга ҳуқуқлар берилиши натижасида сайл, йиғин, байрам саҳналарида рақс ижро этишган. Ўша пайтда Мукаррама Турғунбоева, Тамарахоним томонидан “Дилхирож” рақсини моҳирлик билан ижро этилганини кўриб, уларда ҳам бу санъатга меҳр уйғонган. Рақс санъатига оид китобларни ўқиганимда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Муҳитдин қори Ёқубов даврларида русийзабон халқ вакиллари Фарғонада кўп бўлган.

1926 йилда Муҳитдин қори Ёқубов ташкил этган фольклор-этнографик концерт труппасида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева ишлашган. Аста-секин труппага Лутфихон Саримсоқова, Ҳалима Носировалар ҳам келиб қўшилишган. Ўзбек миллий рақс санъатимизни ривожланишига ҳисса қўшишган.

Ўзбек театрларида илк маротаба “Пахта” балетини саҳналиштиришга ёрдам беришган. Тамарахоним қишлоқ далаларида, пахта далалари ёнида яшагани ва пахтани етиштириш билан боғлиқ барча жараённи билгани учун чигитни ерга қадашдан тортиб, очилиши, майин шамолларда шохчалари ҳаракатланишини, сув эгатлар бўйлаб титраб оқишини кузатиб, “Пахта” рақсида ҳаммасини тасвирлаб берадилар. Далаларда жавлон уриб ишлайдиган ўзбек аёллари қийналиб пахтани етиштиришлари, хирмонлари тўлганлигини рақс орқали кўрсатиилган.  

Бу балетмейстерлар, раққосалар, айниқса, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева каби санъат фидойилари ўзбек санъатига қўшган ҳиссалари билан ўзларига ҳайкал қўйишган. Санъатда “Аллоҳ томонидан юқтирилган” ибораси айнан юқорида номлари зикр этилган буюк шахсларга тегишлидир. Бу устозларимиз келажакни кўра билган. Мукаррама опа охирги рақсларида замонавий (современний) рақсларга қўл ура бошлаганлар. Замонавий рақслар рақс мактабларимизга ҳали кириб келмаган эди. Бизда I бўлим – миллий рақсларимиз бўлса, II бўлим – халқ рақслари бўлган. Концерт томошалари, давлат тадбирларида беларусча, молодованча, испанча, болғорча рақслар бўлган. Мукаррама опада рақс саҳналаштириш қобилияти, негизи бўлган. Мана буларнинг яратган рақслари “Олтин фонд”га киритилган.  

Ҳозирги кунда ҳам ҳаракат қилишяпти. Ҳар битта ансамбл ўзининг йўналишига эга. Шу йўналиши билан ишласагина қандайдир янгиликлар яратиб, “Олтин фонд”га кирадиган рақслар қўйиши мумкин. Бунинг учун кўпроқ композиторлар, мусиқачилар билан ишлаши керак. Мукарамма опада битта фикр пайдо бўлса, Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Алиев билан маслаҳатлашардилар. Улар билан бухороча ёки фарғонача рақс саҳналаштирмоқчи эканликларини, мусиқа ёзиб беришларини сўрар эдилар. Мусиқа тайёр бўлгач, 40 та қизни ярим доира қилиб қўйиб, мусиқани эшиттириб, улар орасидан танлаб олар эдилар.

Ҳозирда Ўзбекистонда “Наврўз”, “Навбаҳор”, “Тумор”, “Баҳор”, “Ўзбекистон” ва яна бир қанча давлат ансамбллари фаолият олиб боришяпти. Уларда рақс ҳаракатлари бузилмасдан ижро қилинаяпти. Мен ўйлайманки, балетмейстерлар “Олтин фонд”га кирадиган рақсларни ярата олиши, саҳналаштиришни мақсад қилиши керак ва шу мақсади йўлида композиторлар билан бирга ишлаши ҳам керак. 

– Ҳозирги кунда академияда фаолият олиб бораяпсиз, таълим жараёнида қандай янгиликлар бор? Шу соҳани профессионал билимдони ва куюнчак педагоги сифатида фикрингизни билмоқчи эдим?  

– Биласизми, академияда профессор-ўқитувчилар жуда кучли, маҳоратли, ўз соҳасининг билимдони. Мен 2020/2021 ўқув йили битирув имтиҳонларида ва 2021/2022 ўқув йили қабул жараёнида комиссия таркибида қатнашдим. Битирув имтиҳонида академиянинг ёш, салоҳиятли ўқитувчиси Гуласал Усмонова машҳур, америкалик раққоса, замонавий рақс санъати асосчиси Айседора Дункан ҳаёти ва ижодига бағишланган “Isidora” рақс спектаклини яратди. Шу спектаклни кўриб, талабаларнинг 4 йил олган билимларига тассанолар айтдим. Бунда ўқитувчининг сабоқлари, маҳорати, ўз устида ишлаши катта аҳамият касб этади.  

“Гуруч курмаксиз бўлмас” деганларидек, айрим битирувчиларимиз ҳаваскорлик гуруҳларида, шоуларда, хусусий корхоналарга боришади ва афсуски, у ерда рақс ҳаракатларининг тўғрилигига унчалик ҳам эътибор берилмайди. Рақслардаги ҳаракатларни бузиб ижро этишади. Буларни кўриб ранжиймиз, хафа бўламиз. Бунинг ечими фақат битта — Хореографлар Кенгаши бўлиши керак. Агар Хореографлар Кенгаши бўлмас экан, биз ўз ёғимизга ўзимиз қовуриламиз.

Кенгаш тузилса, шу соҳанинг фидойилари йиғилса, тақдим этилган рақслар, либослар кенгашда кўрилса, мақсадга мувофиқ бўларди.  Мана шундай ижобий фикрлар, ижодий ишлар йўлга қўйиб олинса, миллий рақсларимиз ривожланади. Шунда ансамблларимиз, раққосаларимиз орасида тўғри, соғлом рақобат пайдо бўлади. Рақобат бўлган соҳада ўсиш, ривожланиш бўлади, “Олтин фонд”га кира оладиган янги рақслар яратилади. 

Ўзбекистон давлат хореография академияси 
санъатшунослик бўлими талабаси 
Сурайё Исматова суҳбатлашди

ЎзА