Яқинда пойтахтимиздаги Ўзбекистон давлат хореография академиясида “Шарқ оҳангида ҳаракат: ўзбек ва ҳинд рақсларида миллий руҳ” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбир икки халқнинг маданий алоқаларини мустаҳкамлаш, анъанавий рақс санъати орқали тарихий ва руҳий яқинликни янада чуқурроқ англаш мақсадида ташкил этилди.
Хореография соҳасининг таниқли мутахассислари, ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этган йиғин аввалида филология фанлари доктори, профессор Ҳулкар Ҳамроева сўзга чиқиб, ўзбек ва ҳинд рақсларидаги муштарак жиҳатлар, ҳар икки халқнинг рақсга бўлган бағрикенг муносабати ҳамда рақс орқали миллий руҳ ифодаланиши ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
– Ҳар бир халқнинг рақси — бу унинг тарихидир, тилидир, қалби ва орзусидир, -деди у. – Бу гўзал рақсларда нафақат ҳаракат, балки юксак маънавий мазмун бор. Икки маданиятни бирлаштирувчи бу каби тадбирлар ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат билан қарашга ўргатади.
[gallery-23507]
Давра суҳбати давомида академия талабалари томонидан ўзбек ва ҳинд рақсларидан намуналар ижро этилди. Ҳинд рақсининг машҳур “Бхаратанатья” ва “Катхак” услублари, ўзбек рақсининг “Фарғона”, “Хоразм” ва “Бухоро” мактабларига хос элементлар саҳнада жонлантирилди.
Самимий мулоқот руҳида кечган анжуманда Ҳиндистондаги Жавоҳарлаъл Неру университети Форс ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раҳбари, профессор, Аҳмад Ахлоқ Аҳан ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг маданий ҳамкорлик алоқалари янада ривожланаётганини алоҳида эътироф этди.
– Мен Ўзбекистонга кўп ташриф буюраман, -деди у. – Аммо ушбу академиядаги рақс ижролари, тўғриси, мени ҳайратда қолдирди. Бизда ҳам, сизларда ҳам рақс — бу руҳий озуқа, инсон ва олам ўртасидаги ҳамоҳанглик ифодасидир.
Қизғин савол-жавоблар кесимида ўтган тадбир якунида иштирокчилар миллий рақс санъатини асраб-авайлаш, айниқса, уни ёшлар орасида кенг тарғиб этиш ва ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлашди.
Ў.Алимов, О.Пардаев (фото), ЎзА