Рақобат қўмитаси ҳузуридаги Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази томонидан ички товар бозорининг маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси юзасидан навбатдаги таҳлил ишлари амалга оширилди. Таҳлил доирасида ишлаб чиқариш ҳажмлари, импорт ва экспорт кўрсаткичлари, шунингдек, бозордаги рақобат муҳити атрофлича ўрганилди.
Маълумотларга кўра, чиннидан тайёрланган ошхона буюмлари бозорида республика бўйича 64 та корхона томонидан 18 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган. Шу билан бирга, ушбу маҳсулот тури бўйича импорт ҳажми 11 минг тоннани ташкил этган. Натижада, маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси 62,6 фоизни қайд этди.

Керамик ванналар, раковиналар ва унитазлар сегментида эса 33 та корхона томонидан қарийб 1 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бироқ ушбу бозорда ҳам импорт улуши сезиларли бўлиб, маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси 64,7 фоизни ташкил этмоқда.
Мебель фурнитураси бозорида 19 та корхона томонидан 1,9 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган. Бу кўрсаткич нисбатан юқори бўлса-да, ушбу йўналишда ҳам ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш имкониятлари мавжудлиги таъкидланади.
Айрим товар гуруҳларида эса импортга қарамлик юқори даражада сақланиб қолмоқда. Хусусан, алкид смолалар бозорида маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси атиги 3,1 фоизни ташкил этса, соя шроти сегментида ушбу кўрсаткич 10,5 фоиздан ошмаган.

Таҳлил натижаларига кўра, ушбу товар бозорларида маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги корхоналарни ташкил этиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун етарлича имкониятлар мавжуд. Бу эса тадбиркорлар учун ички бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали импорт ўрнини босишга хизмат қилади.
Рақобат қўмитаси томонидан тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш мақсадида товар бозорларининг маҳаллий маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси юзасидан бундай таҳлиллар мунтазам эълон қилиб борилади. Шунингдек, тадбиркорлар қўшимча маҳсулот турлари бўйича таҳлил ўтказиш ёки маълумотлар олиш учун қўмитага мурожаат қилишлари мумкин.
Нигора Раҳмонова, ЎзА