Ҳар куни эрталаб ишга келар чоғимиз йўл бўйларидаги пештахталарга илинган рекламаларга кўзимиз тушади. Чунки рекламалар ҳам шаҳар кўчаларини безаб, унга ажойиб манзара беради. Рекламалар қонун доирасида жойлаштирилсаку яхши, аммо ноқонуний бўлса-чи? Ноқонуний рекламалар нафақат эстетик тартибсизлик, балки адолатли рақобат муҳитига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Шу боис Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан мамлакат бўйлаб ташқи реклама воситаларини қонун талабларига мослаштириш мақсадида тизимли мониторинг ва ўрганиш тадбирлари олиб борилмоқда.
Бу жараёнда бир қатор ҳудудларда реклама фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар қонунбузарлик ҳолатига йўл қўйгани аниқланди. Масалан, Тошкент вилоятида “Nilufar Petrol” МЧЖ, Сурхондарёда “OFSET-SURXON” МЧЖ, Сирдарёда “Guliston xususiy ta’lim” МЧЖ, Самарқандда “Aziz Amira Gold” МЧЖ ва бошқалар реклама паспортисиз ёки ноқонуний ўрнатилган рекламалар билан фаолият юритган.
Ҳар бир ҳолат бўйича ҳудудий бошқармалар Махсус комиссия томонидан иш қўзғатиб, тадбиркорлик субъектларига нисбатан қонун доирасида чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах ва Навоий вилоятларида тадбиркорлар билан тушунтириш ва профилактик ишлар ҳам олиб борилмоқда.
Рақобат қўмитаси таъкидлаганидек, қонунга риоя этиш — фақат мажбурият эмас, балки ҳар бир тадбиркорнинг ўз ишига бўлган ҳурмати ва жамият олдидаги масъулиятидир.
Нигора Раҳмонова, ЎзА